Омбудсманнинг янгиланган расмий сайти, виртуал қабулхонаси ва «Ишонч телефони» тақдимоти ўтказилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Омбудсманнинг янгиланган расмий сайти, виртуал қабулхонаси ва «Ишонч телефони» тақдимоти ўтказилди

Омбудсманнинг янгиланган расмий сайти, виртуал қабулхонаси ва «Ишонч телефони» тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг янгиланган расмий веб сайти (www.ombudsman.uz) ва унинг виртуал қабулхонаси, шунингдек, «Ишонч телефони»нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Интернет-сайт замонавий ривожланган ахборот-коммуникация соҳасидаги барча тенденцияларни ўз ичига олган. Жумладан, у ўзида Омбудсманнинг виртуал қабулхонаси, тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинларини амалга оширишга оид саволларга жавобларни қамраб олади. Виртуал қабулхона орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилиши мумкин.

Сайт орқали Омбудсманнинг фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти натижалари, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти юзасидан мунтазам равишда ахборот бериб борилади.

Сайтда Омбудсман Котибияти ва Омбудсманнинг минтақавий вакилларининг манзиллари ва телефон рақамлари, фуқароларни қабул қилиш кунлари ва вақти тўғрисидаги маълумотлар жой эгаллаган. Сайт материалларидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шунингдек, кўриш имконияти чекланган фуқаролар фойдаланишлари мумкин.

Янгиланган интернет-сайт ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ёрдамида тайёрланди.

Шунингдек, тадбир давомида Омбудсманнинг мурожаатларни қабул қилиш бўйича «Ишонч телефони» очилгани эълон қилинди. Ариза, шикоят ва таклифлар (0371) 200-10-96 ва қисқа 1096 (республика миқёсида бепул) телефон рақамлари орқали берилиши мумкин.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru