Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси этиб Саъдулла Ҳакимов сайланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси этиб Саъдулла Ҳакимов сайланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси этиб Саъдулла Ҳакимов сайланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА»га асосланиб «Дарё» нашри хабар бермоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Ў. Мирзаёров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори М. Ҳазратқулов, «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари бош муҳаррирининг ўринбосари С. Дониёров, «Еркин Қарақалпақстан» — «Вести Каракалпакстана» газеталари бош муҳаррири К. Реймов, «Учитель Узбекистана» газетаси мухбири А. Терехина, Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси М. Обидов ва бошқалар иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари олдига қўяётган вазифалар, ўзбек журналистикасини янгича мезон, замонавий тамойиллар асосида ривожлантириш мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришга, жамиятдаги муаммо ва иллатларни буткул камайтиришга хизмат қилади. Давлат раҳбари 2016 йил 28 декабрда имзолаган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан бу борада ишлашнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилмоқда. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш натижаларининг ОАВда тизимли ёритиб борилишини ташкил этиш журналистлардан янада фаол, жонкуяр ва фидойи бўлишни тақозо этади.

Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини кучайтириш, соҳа ходимларининг касб маҳоратини ошириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида муайян ишлар бажарилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг субсидиялари жалб қилинмоқда, ҳудудий нашрлар ходимларининг ўқувлари ташкил этилмоқда, уюшма қошида «Ёш журналистлар клуби» фаолият юритмоқда. «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танлов, «Йилнинг энг фаол журналисти», «Энг улуғ, энг азиз» республика танловлари нуфузи йил сайин ошиб бормоқда. Фахрий журналистлар моддий рағбатлантирилмоқда, дам олиш уйлари ва санаторийларида саломатликларини тиклаши учун уларга бепул йўлланмалар ажратилмоқда.

Конференцияда бугун соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан бирга истиқболда амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳам талай экани таъкидланди. ОАВни том маънода халқ минбарига айлантириш, соҳа ходимларининг фаолиятига замонавий журналистиканинг янги услуб ва усулларини жорий этиш, ҳудудий ОАВда ишлаётган ходимларнинг миллий медиа макондаги фаоллигини ошириш, журналистларнинг халқаро миқёсда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятларини тобора кенгайтириш, уюшма қошидаги ижодий кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш давр талабидир.

Тадбирда уюшма Уставига айрим ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Саъдулла Ҳакимов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланди.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru