11:26 / 23.01.2017
6 346

Шавкат Мирзиёев: «Ўзстандарт» раҳбарлари пора олиб имзо чекаверган

Шавкат Мирзиёев: «Ўзстандарт» раҳбарлари пора олиб имзо чекаверган

2017 йил 19-20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари мазкур сафари доирасида республика халқ вакиллари ва фаоллари билан учрашди. Унда қатор долзарб масалалар ва муаммолар муҳокама қилинди, ошкора фикр алмашилди.

Мажлис чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекс раҳбарларининг ушбу минтақа бўйича ахбороти тингланди, уларга зарур топшириқлар берилди, деб ёзмоқда Кун.уз сайти.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розукулов (“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси - Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари) сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон республикасидаги ўзига тегишли соҳалар бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд камчилик хусусида сўз юритди.

“Авваламбор, биринчиси, сифатсиз маҳсулот ва ускуналарнинг бозорга чиққани стандартлаштириш соҳасига тегишли бўлади ва агентликнинг ҳудуддаги лабораторияси бугунги замонавий талабга умуман жавоб бермаслиги маълум бўлди”, - деган Розукулов.

Шу ўринда, Давлатимиз раҳбари “Ўзстандарт” агентлигининг жойлардаги раҳбарлари хусусида очиқ ва танқидий фикрларини билдирди.

“Стандартнинг вилоятда ўтирган ҳар бир раҳбари магазинчи у, биласизми, улар солиқчи ва бошқалардан ҳам ёмонроқ, қўл қўйиб, пора олаверган. Бирорта стандартга мос бўлмаса ҳам қўл қўяверган, бу ҳаёт тарзи бўлиб қолган. Сиз эса, Улуғбек Убайдуллаевич, бу соҳани бир ёки икки йилгина бошқараётганингиз йўқ, шундай эмасми?”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Розукулов, ўз ҳисоботида давом этиб, маиший техникалар ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммони телевизорлар мисолида тушунтириб, улар 500-600 км узоқликда чиқарилиши, бу эса маҳсулотнинг таннархи ошишига олиб келишини таъкидлади.

Шунга кўра, “19,2 млрд сўм сармоя киритиб, телевизорлар йиғиш йўлга қўйилса, 300 иш ўрни бўлади ва 82,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, сотиш имконини беради”, - деган Бош вазир ўринбосари.

Шундан сўнг, Розукулов машина трактор парклари хусусида сўз юритди.

“Республикада жами 174 МТП (машина-трактор парки) ва 155 агротехсервис бор. Биз бу борада, уларни оптималлаштириш ва ихчамлаштириш бўйича чоралар кўряпмиз. Мос келмайдиган биноларда турганларини тугатиб, барча шароитлари бўлган янги паркларни ташкил этаяпмиз”, - деган Бош вазир ўринбосари.

Давлат раҳбари бу хусусда ҳам ўзининг танқидий фикрларини билдирди.

“Биз борганимизда ҳаво ҳарорати -5-6 даража бўлди, пайвандлаш ишларини олиб бораяпти. Уни сифати қандай бўлади? Нима учун бу ишлаяпти, десак, бугун биринчи марта ош қилиб бергандик, шунга ишга келди, дейишди. Бу нимадан далолат? Тизим йўқ, Улуғбек Убайдуллаевич! Номига, ҳамма нарса, қарсак, қарсак, қарсак...Бу қарсак билан қаёққа борамиз?”, - деб таъкидлаган Президент.

Мирзиёев, шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Қангликўл туманини 4 йил мобайнида тўлиқ чорвачилик билан шуғулланадиган туманга айлантириш хусусида кўрсатма берганини ёдга олди ва инсон манфаатдор бўлмас экан, ишламаслигига урғу берди.

“Одам даромад қилмаса ишламайди, 15 центнерлик пахтадан қачон даромад бўлади, ҳеч қачон бўлмайди, иккинчидан, охирги ўн йилда режа бажарилмаяпти, 50 фоизга ҳам бажарилмаяпти, кимга керак бунақа тирикчилик?”, - деди куюнчаклик билан Давлат раҳбари.

Шу билан бирга, Мирзиёевга кўра, ҳозирги кундаги энг катта масала, нима экиш ва унинг бозорини топишдир.

“Умуман, қизилмия бўйича мен бугун топшириқ бердим, плантация қилиш керак, албатта, қийин нарса, лекин ҳаётимиз шу билан боғлиқ, ҳозир бутун дунёда шунга талаб бор, нимани кутиб ўтирамиз, Қорақалпоғистонда, Худога минг марта шукр, 65 минг гектар захира ери турибди. Бу шу республиканинг келажакдаги бойлиги, керак бўлса”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев: «Ўзстандарт» раҳбарлари пора олиб имзо чекаверган