Фарғона шаҳрида янги Санъат саройи очилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Фарғона шаҳрида янги Санъат саройи очилди

Фарғона шаҳрида янги Санъат саройи очилди

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинган куннинг 22 йиллиги фарғоналиклар учун қўшалоқ байрам бўлди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан вилоят марказида бунёд этилган Санъат саройи 6 декабрь куни тантанали равишда очилди, Бу ҳақида «UzA»га асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир.

Бундай ишлар самарасида Фарғона шаҳрининг маркази қайтадан бунёд этилди. Шаҳар атрофида кичик халқа йўли қурилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилди. Мустақиллик ва Аҳмад Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанлар хиёбони ташкил этилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаб, аҳолининг ҳаёт сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Замонавий уй-жойлар, 20 минг ўринли стадион, Сув спорти мажмуаси ноёб меъморий ечими, ўзига хос дизайни билан Фарғона шаҳри кўркига кўрк қўшди.

Фарғона аҳли азалдан санъат ва маданиятни юксак қадрлайди. Вилоятда 4 театр ва 14 музей, 1628 кутубхона ва ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда.

Фарғона шаҳрида бунёд этилган Санъат саройи вилоят аҳли учун яна бир туҳфа бўлди.

Мазкур муҳташам кошона миллий ва замонавий меъморлик анъаналарини ўзида уйғунлаштирган. Эшик ва устунлари шарқона нақшлар билан безатилган. Томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган. Қирқ гектар майдонда барпо этилган сўлим хиёбон, рангли чироқларда жилоланувчи мусиқали фаввора саройга янада чирой бағишлаб турибди.

Ушбу санъат кошонасининг очилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Унда турли вазирлик, идоралар ва жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият намояндалари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимизга ушбу мукофотлар топширилди.

Маросимда санъат усталари, ёш ижодкорлар иштирокида концерт намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Фото: UzA

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru