Ўзбекистонда йўлларга қўйиладиган камералар қонунийлаштирилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистонда йўлларга қўйиладиган камералар қонунийлаштирилди

Ўзбекистонда йўлларга қўйиладиган камералар қонунийлаштирилди

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган янги ўзгартишлар 2015 йил 10 август куни Президент Ислом Каримов томонидан имзоланди ва 11 августдан кучга кирди. Бу ҳақда «Газета.uz»га асосланиб «Daryo» хабар бермоқда.

Ўзгартишлар 2015 йил 29 июль куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 6 август куни Сенат томонидан тасдиқланган.

Кодексга қўшилган янги 17¹-моддага биноан, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган техник воситалар ёрдамида фото ёки видеокузатув орқали қайд этилганида жавобгарлик транспорт воситаси эгасига юкланади. Тизим юридик шахсга тегишли транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидаси бузилганини қайд эца, маъмурий жавобгарлик ушбу транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахсга юкланади.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида ­тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт ­воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

283-моддага киритилган қўшимчага биноан, қоидабузарлик фото ёки видеофиксация орқали қайд этилганда баённома тузилмайди. Янги 309¹-моддага кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарор қоидабузарнинг иштирокисиз ёзилиб, уни тузган ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан юридик кучга эга электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштирилади. Ҳужжатнинг қоғоз нусхаси уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси орқали қоидабузарга жўнатилади.

332-моддага киритилган қўшимчага биноан, қоидабузарлик учун жарима 60 кундан кеч бўлмаган муддатда тўланиши лозим. Бу юзадан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар қилинганидан 30 кундан кеч бўлмаган вақтда тўланиши зарур.

Шунингдек, маъмурий жазо қўлланилиши тартибига ҳам ўзгартиш киритилди. Энди маъмурий жазо қоидабузарлик содир этилган вақтдан бошлаб бир йилдан кеч бўлмаган муддатда қўлланилиши мумкинлиги белгиланди — аввал бу муддат икки ойга тенг эди.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru