ЎзМТДП республика ҳудудларида давра суҳбатларини ташкил этади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ЎзМТДП республика ҳудудларида давра суҳбатларини ташкил этади

ЎзМТДП республика ҳудудларида давра суҳбатларини ташкил этади

2015 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзининг мазмун-моҳиятини ўрганиш мақсадида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида “Мустақиллик ҳаётимиз маъно-мазмуни, миллий манфаатларимиз асоси ва фаровон турмуш гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, тарихчи олимлар, профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик шодиёналари юртимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда давом этмоқда. Ҳар бир юртдошимиз сўзи ва қиёфасида бугунги ёруғ кунлар шукронаси зоҳир. Зеро, мустақиллик халқимиз ҳаётининг мазмун-моҳиятини бутунлай ўзгартириб, тарихимизда буткул янги саҳифа очган буюк воқеадир. Бу давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, Юртбошимиз ўз сўзида мустақиллик берган улкан неъматлар, мамлакатимиз тобора обод, ҳаётимиз фаровон бўлиб бораётгани, тўғри ва ҳар томонлама оқилона йўл танланиб, унинг самарасида дунё мамлакатлари орасида муносиб ўрин эгаллаётганимизни қайд этди. Президентимизнинг нутқини тинглаб, ҳар бир ватандошимиз шу файзли юртда яшаётганидан яна бир карра бахтиёрлик ҳиссини туйгани, қалбида мамлакатимиз равнақи йўлида матонат билан меҳнат қилиш шижоати жўш ургани шубҳасиз.

Давра суҳбатида эътироф этилганидек, тантанали маросимда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётимиз ва унинг тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини ошириш, жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш асосий вазифамиз сифатида қайд этилди.

Дарҳақиқат, юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтариш, ҳар соҳадаги ютуқлар кўламини кенгайтириш, қўлга киритилган натижаларни мустаҳкамлаш, эркин фаолият олиб бориш учун барча қулайлик, шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар яратилган. Узоқ ва яқин атрофимизда турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар давом этаётган бир пайтда, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ва барқарорлик хотиржам яшаш, эмин-эркин фаолият юритиш, олдимизга қўйган юксак мақсад-вазифаларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Энг катта бойлигимиз — тинчликни мустаҳкамлаш, осуда ҳаётни таъминлаш нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, балки ҳар бир фуқаронинг муҳим бурчи эканини юртдошларимиз яхши англайди. Юртбошимизнинг “…бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу — ўзбек халқининг истаги, бу — ўзбек халқининг мақсади, бу — ўзбек халқининг қароридир”, деган сўзлари ҳақиқатан ҳам ҳар биримизнинг дилимиздаги энг эзгу мақсаддир. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг турли бурчакларида кечаётган нотинч вазият, беқарорликдан азият чекаётган фуқаролар ҳақида ҳар куни хабардор бўлиб турибмиз. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деганларидек дунё саҳнидаги ана шундай таҳликали бир вазиятда ўзбек халқи юртимиздаги тинч-осойишталикка шукрона айтиб, ўз ҳаётидан, турмушидан мамнун бўлиб яшамоқда. Ёрқин келажакка ишонч ва фарзандлари бахти-камолини кўриш ҳаваси билан, бошлаган эзгу ишларини шижоат ила давом эттириб умргузаронлик қилмоқда.

Бугунги фаровон, тинч ва обод кунларимизнинг қадрига етиш, турли соҳаларда эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаш барчанинг, жумладан, ЎзМТДП сафидаги ҳар бир вакилнинг зиммасига катта масъулият юклайди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда истиқлол берган улкан имкониятлар, унинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Айнан мустақиллик халқимизга эркинлик ва озод ҳаёт ҳадя қилди, ўзлигимиз, шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимиз, тилимиз, муқаддас динимиз, қадрият ва урф-одатларимизни қайта тиклади. Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тез суръатлар билан ўсиб, ҳатто, жаҳон молиявий инқирози даврида ҳам иқтисодиётимизнинг йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан пасайгани йўқ. Бу, энг аввало, аҳоли фаровонлигида, уларнинг ҳаёт даражаси муттасил ўсаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Мустақиллик шарофати, мард ва матонатли халқимизнинг тарихан қисқа даврда амалга оширган оламшумул ишлари туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимиз қиёфаси тобора чирой очиб бораётир. Буни айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ва изчил давом этаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларида ҳам яққол кўриш мумкин. Бугун, айниқса, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.

Тадбирда алоҳида қайд этиб ўтилганидек, бугун ана шундай имкониятлардан баҳраманд бўлиб яшаётган ҳар бир инсон, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод бу неъматларнинг қадрига етиши, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий-маънавий қадриятларни тиклаш, ўзлигимизни чуқур англаш, истиқлол ғоясига садоқат каби дастурий мақсад-вазифаларини изчил, босқичма-босқич ва тизимли амалга ошириш, бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга кўмаклашиб келмоқда. ЎзМТДПнинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси ва фаоллари олдида бу жараёнда фаол иштирок этиш, юртимиздаги барқарорлик, тинчлик-осойишталикнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда ўрнак бўлиш каби муҳим вазифалар турибди. Зеро, фуқароларда Ватан тақдири ҳамда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш эзгу ишларимиз бардавомлигида муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар Юртбошимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида таъкидланган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар. Таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, ЎзМТДПнинг келгуси вазифалари белгиланди ва бу каби давра суҳбатларини республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этишга келишиб олинди.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru