8 октябрь куни олий даражадаги ўзбек-туркман музокаралари ўтказилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

8 октябрь куни олий даражадаги ўзбек-туркман музокаралари ўтказилади

8 октябрь куни олий даражадаги ўзбек-туркман музокаралари ўтказилади

8 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистонга расмий ташриф амалга оширган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида олий даражадаги ўзбек-туркман музокаралари ташкил этилади, деб ёзмоқда Kun.uz сайти.

7 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олганди. Мартабали меҳмон шарафига аэропортда икки давлат байроқлари юқори кўтарилган ва фахрий қоровул саф тортган.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири аэропорт ҳудудида Туркманистон президенти билан қисқа суҳбат ўтказган. Суҳбатда бўлажак ўзбек-туркман музокаралари натижасида икки томон муносабатларида янги қадамлар қўйилишига ишонч билдирилган.

Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедов аэропортдан ўзи учун Кўксарой мажмуасида ажратилган қароргоҳига йўл олган.

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, Гурбангули Бердимуҳамедов 2013 йил ноябрида Ўзбекистонга, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса 2014 йил октябрида Туркманистонга расмий ташриф буюрган эди.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru