2021 йилга бориб табиий газни ҳисобга олиш тўлиқ автоматлаштирилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

2021 йилга бориб табиий газни ҳисобга олиш тўлиқ автоматлаштирилади

2021 йилга бориб табиий газни ҳисобга олиш тўлиқ автоматлаштирилади

2016 йил охиригача Тошкент ва пойтахт ва вилоятида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

Ўзбекистон табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга киришмоқда, деб хабар беради ЎзА.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Шаҳноза Исломованинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатимиз маиший секторида табиий газдан фойдаланувчиларнинг 55 фоиздан ортиғида газни ҳисоблаш асбоблари ўрнатилган. Бироқ маълумотлар тўплашни бошқариш бўйича замонавий тизимнинг йўқлиги газдан фойдаланиш ва ҳисобга олишни самарали назорат қилиш имконини бермайди.

Мазкур лойиҳани жорий қилишдан кўзланган мақсад, «зангори олов»дан фойдаланишни аниқ, ишончли ва тўлиқ ҳисобга олиш, табиий газ узатишда талафотнинг олдини олиш ва камайтириш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини таъминлаш имконини берадиган янги электрон ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

Айни пайтда мутахассислар пойтахтнинг Миробод туманида ушбу ускуналарни синовдан ўтказмоқда. Тахминларга кўра, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Тошкент шаҳри ва вилоятида 2016 йилнинг охирига қадар жорий этилади.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида Тошкент шаҳри ва вилоятида 1 миллиондан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. 2016-2017 йилларда табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида жорий этилади. 2017-2018 йилларда эса Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида, 2020 йилнинг охиригача Қарақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим амалиётга татбиқ этилади. Мамлакатимиз бўйича жами 3,5 миллионга яқин шундай ҳисоблагич ўрнатилади.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими таркибига газни ҳисобга олиш ускунаси, маълумот тўплаш, ишлов бериш ва узатиш бўйича ҳамда ахборот технологиялари ёрдамчи тизими, алоқа линияси ва телекоммуникация қурилмалари киради.

«Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси Тошкент шаҳри ва вилоятида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича тендер эълон қилди.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, бугунги кунда компания томонидан 13,7 минг километрлик табиий газ қувури ва тармоқларидан фойдаланилмоқда. Улар орқали 4 миллион уй-жой ва қарийб 80 минг улгуржи истеъмолчига газ етказиб берилмоқда.

25 компрессор станцияси, 341 газ тақсимлаш станцияси ва 2 ер ости газ омбори йилнинг исталган даврида «зангори олов»ни барқарор етказиб беришни таъминламоқда.

Компания профилактика ишлари, газ транспорти тизими объектларини техник қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, газ қувурларини ташқи томондан занглашдан ҳимоя қилиш мақсадида 3000 га яқин катодли ҳимоя қурилмаси, 7000 километрлик электр токи узатиш линияларидан фойдаланилмоқда.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru