Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги Қўшма декларацияни имзолади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги Қўшма декларацияни имзолади

Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Foto: O‘zA

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Навоз Шариф шоҳсупага кўтарилди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири фахрий қоровул сафи олдидан ўтди.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратди. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат мамлакатлар узоқ истиқболли манфаатларига хизмат қилиши, балки бутун минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир этишини алоҳида таъкидлади.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзолади. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани хабар берилган эди.


Manba: daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru