«Apple асосчиси — суриялик муҳожирнинг ўғли»: АҚШнинг баъзи штатлари суриялик қочоқларни қабул қилишдан бош тортмоқда » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Apple асосчиси — суриялик муҳожирнинг ўғли»: АҚШнинг баъзи штатлари суриялик қочоқларни қабул қилишдан бош тортмоқда

Парижда юз берган терактлардан сўнг, АҚШ штатларининг ярмидан кўпи Суриядан келаётган қочоқларни ўз ҳудудига жойлаштириш фикридан қайтди. Ижтимоий тармоқларда эса бунга жавобан Apple компанияси асосчиси Стив Жобснинг биологик отаси суриялик экани ёдга олинди, дея хабар бермоқда TJournal.

Foto: TJournal

16 ноябрь куни маълум бўлишича, АҚШнинг 50 штатидан 39 таси Суриядан келган қочоқларни ўз ҳудудига жойлаштиришга мутлақо қарши ёки фақат баъзи бир шартлар билан бунга розилик билдириши мумкин. Қочоқларнинг ишончли ва хавфсиз эканлигини айни вақтда лозим даражада текшириш имкони борлигига губернаторларда шубҳа пайдо бўлган.

Хусусан, Аёва губернатори Терри Бранстед АҚШга қочоқларнинг кейинги тўлқини келгунига қадар, текширувлар қандай олиб борилиши билан боғлиқ барча тафсилотларни ўрганишга қизиқиш билдирди. Айни вақтда, 1980 йилги қонун бўйича қочоқларнинг штатлар ҳудудига жойлашишига губернаторлар қаршилик қила олмаслигини ҳам тан олди.

Сентябрь ойида Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест АҚШ 2016 йилда камида 10 минг нафар суриялик қочоқни қабул қилишни режалаштираётганини маълум қилганди. Қочоқлар учун умумий квотани эса 75 минг кишигача кўпайтириш кўзда тутилган (сўнгги уч йилдан бери квота 70 минг кўринишида сақланиб қолаётганди).

130 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган Париждаги терактлардан сўнг вазият жиддий кескинлашди. Террорчи-худкушлардан бирининг ёнидан 1990 йил 10 сентябрь куни Суриянинг Идлиб шаҳрида туғилган Аҳмад ал-Муҳаммад номига берилган паспорт чиққан.

Алоҳида штатларнинг маъмуриятлари қочоқларни қабул қилишдан бош тортаётгани маълум бўлганидан сўнг, шу заҳоти ижтимоий тармоқларда iPhone ва iPad каби ақлли мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи Apple компанияси асосчиларидан бири Стив Жобс суриялик инсоннинг ўғли эканлиги ёдга олинди.

 

Уолтер Айзексон томонидан ёзилган таржимаи ҳолга кўра, Жобснинг отаси Абдулфаттоҳ «Жон» Жандалий ҳисобланади. У ҳақиқатан ҳам Сурияда туғилган, бироқ қочоқ бўлмаган: унинг оиласи нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда Дамашқ ва Хомсда ерларга эгалик қилган, кўп кишилик оиланинг ёш аъзолари Истанбул ва Сорбоннада таълим оларди.

Абдулфаттоҳ Жандалий тўққиз ўғилнинг кенжаси бўлган, у Байрутдаги Америка университетида бакалавр даражасини олиб, сўнг Висконсинда «сиёсатшунослик» мутахассислиги бўйича аспирантурага кирган. Шу ерда ўқитувчининг ёрдамчиси сифатида ишлаб, Стив Жобснинг бўлажак онаси — германиялик муҳожирлар оиласидан бўлган Жоан Шибле билан танишган.

Жобснинг биологик ота-оналари Стив бошқа бир оиланинг қарамоғига берилганидан кейин оила қуриб, бир неча йилдан сўнг ажрашиб кетган. Apple’нинг бўлажак асосчиси эса механик Пол Жобс ва унинг аёли Клара тарбиясига топширилган.

Биографнинг таъкидлашича, Стив Жобс ҳар доим Пол ва Кларани ўзининг ҳақиқий ота-онаси деб ҳисоблаган. Ўлимидан икки кун аввал Жобс уни Пало-Алтодаги Пол ва Кларанинг қабри ёнига дафн этишни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирувчилар орасида Стив Жобснинг келиб чиқиши ҳақидаги далилни эътиборга арзимас деб ҳисобловчилар ҳам топилди.


Manba: daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru