Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси 3 декабрь куни чақирилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси 3 декабрь куни чақирилади

2015 йил 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилади ЎзА.

Foto: O‘zA

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Кенгаш Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 3 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига аҳоли турмуш даражасининг янада оширилишини ва унинг ижтимоий ҳимоя қилиниши кучайтирилишини, иқтисодиётнинг юқори ҳамда барқарор суръатларини, аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги, шунингдек, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларнинг киритилиши режалаштирилмоқда.

Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ва эркинлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган тузатишларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари киритилмоқда.

Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ва Девонининг тўртинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru