«Зарафшон»: Самарқандликлар кўп қаватли уйларнинг лифтларидан фойдаланишга қўрқиб қолган » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Зарафшон»: Самарқандликлар кўп қаватли уйларнинг лифтларидан фойдаланишга қўрқиб қолган

Самарқанд шаҳридаги 74 та кўп қаватли уйларда 227 та лифт хизматидан фойдаланилмоқда, дея хабар бермоқда «Зарафшон» газетаси.

Foto: “Zarafshon” gazetasi (“Zarnews.uz”)

Бироқ шаҳарда лифтлар билан боғлиқ муаммолар кўп — лифтлардаги махсус қурилмалар, керакли ускуналар эскирган, уларнинг аксарияти муддатини ўтаб бўлган ва янгисига алмаштирилиши лозим, ширкатлар эса лифт моторларини таъмирлашда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2015/2016 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш давомида лифтларнинг шаҳар кўп қаватли уйларидаги лифтларнинг 29 тасида носозликлар аниқланган, камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъмирлаш ишлари олиб борилган.

«Лекин кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг ҳаммаси ҳам аҳолига кўнгилдагидек хизмат кўрсатяпти, деб бўлмайди. Жумладан, Сартепа масканида жойлашган «Ҳофиз Шерозий» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги айрим кўп қаватли уйларда бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик», — деб ёзади «Зарафшон» газетаси мухбири.

Маълум бўлишича, маҳалладаги тўққиз қаватли 12- ҳамда 20-уйларнинг ўнта йўлагига ўрнатилган лифтларнинг атиги биттаси ишлаяпти, қолган носоз лифтларнинг фаолият кўрсатмай қўйганига бир неча ой бўлган, йиллар давомида ишлатилмаётган лифтлар ҳам бор.

«Уйларнинг биринчи қаватидаги бир нечта йўлакларда лифтларнинг кириш эшиги олди ҳатто кичик чиқиндихона ёки омборхонага айлантирилганини кўриб, [лифтлар узоқ муддатдан бери ишлатилмаётганига] ўзимиз ҳам ишонч ҳосил қилдик», — дейилади газетадаги хабарда.

Газетанинг ёзишича, ушбу кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётганлар «лифт ишлаётган вақтда ҳам ундан фойдаланишга қўрқади» — электр таъминотида тез-тез узилишлар бўлиши сабабли, лифт ичида қамалиб қолган одамлар электр таъминоти тикланиши ёки лифтсоз келишини соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда.

Мазкур уйлар учун масъул ҳисобланган «Омад» уй-жой мулкдорлари ширкати мутасаддиларининг таъкидлашича, электр таъминотидаги узилишлар лифтларни носоз ҳолатга келтирмоқда, лифт моторларни таъмирлаш қимматга тушмоқда.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru