Тошкентда инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тошкентда инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

2015 йил 26—27 ноябрда «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш – мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг асосий йўналиши: Ўзбекистон тажрибаси» мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази «Дарё»га хабар берди.

Foto: “Gazeta.uz”

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, БМТТД, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, К.Аденауэр номидаги жамғарма, Ф.Эберт номидаги жамғарма конференциянинг ташкилотчилари бўлди.

Конференцияда Буюк Британия, Италия, Испания, Ирландия, Руминия, АҚШ, Шотландия вакиллари ҳозир бўлди.

Халқаро конференциянинг биринчи куни Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, улар фаолиятида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини таъминлаш, қонунчиликни ва парламент назоратини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, демократлаштириш ва инсонпарварлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида уларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланди.

Конференциянинг иккинчи кунида иштирокчилар шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳада жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш ва мониторинг олиб бориш соҳасида давлат органлари билан ижтимоий ҳамкорлик қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамиятини муҳокама қилди.

Барча иштирокчилар ўзаро тушуниш руҳида ўтган конференциянинг юксак даражаси, фойдалилиги ва амалий аҳамиятини қайд этди.

Миллий ва хорижий экспертлар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини яхшилашга доир турли хил таклифлар илгари сурилди. Халқаро конференция якунлари бўйича тавсиялар қабул қилинди.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru