Қамчиқ довонида қор ёғиши кутилмоқда » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Қамчиқ довонида қор ёғиши кутилмоқда

Қамчиқ довонида қор ёғиши кутилмоқда

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона водийси ва Тошкент вилоятини боғловчи Қамчиқ довонида об-ҳаво шароити ёмонлашиши ҳақида огоҳлантириб ўтди, деб ёзади kun.uz.

“Ўзгидромет”нинг маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 2-6 январь кунлари Қамчиқ довонидан ўтувчи А-373 автойўлида қор ёғиши кутилмоқда, кўриш узоқлиги ёмонлашиб, 50-100 м ни ташкил қилади, шамол 20 м/сониягача кучайиши мумкин”, – деб хабар берилмоқда ФВВ маълумотида.

Аввалроқ, 2014 йилнинг декабрь ойида ФВВ нинг Қамчиқ қидирув-қутқарув отряди ҳудудида жойлашган бошқармалараро штабининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Янги бино замонавий алоқа ва информатизация воситалари билан жиҳозланган, довондаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кун бўйи мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун барча зарур шароитлар мавжуд.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган Қамчиқ довони шимолдан Қирғизистон билан, жанубдан эса Тожикистон билан чегараланган. Довон автотранспорт учун Тошкент вилояти ва Наманганнинг Поп туманини боғловчи ягона ер усти йўли ҳисобланади. Довондан ўтувчи автотрасса бўйича кунига 20 мингдан ортиқроқ машина ҳаракатланади.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг энг йирик транспорт йўлларидан бўлган бу йўлда автранспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда ФВВ томонидан ҳаракат ҳавфсизлигини назорат қилиш ва таъминлашнинг янги тизими яратилган, бутун довон бўйлаб жойлашган йўл-таъмирлаш постлари ташкил этилган.

Бу постлар таркибига ФВВ, Ички ишлар вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда йўл-транспорт хизмати ходимлари киритилган. Уларнинг асосий вазифаси автранспорт воситаларининг ҳаракатланишини қийинлаштиришга ёки тўхтатиб қўйишга олиб келувчи вазиятларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишдан иборат. Қишда бундай хавф-хатарларга қор кўчкилари, тош кўчкилари, қор уюмлари, йўл музлаши ва бошқалар киради.

Ҳозирги пайтда 124 километрли “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўлининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу қурилиш давомида Қамчиқ довонидан ўтувчи 19 километрлик темир йўл туннели ўтказилади.

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru