Журналист мулоҳазаси: Туркия ва Россия муносабатлари яхшиланадими? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
29-06-2016 | 13:30 ZAMIN.UZ / Дунё / 29 Июн 2016 года
1 452

Журналист мулоҳазаси: Туркия ва Россия муносабатлари яхшиланадими?

Журналист мулоҳазаси: Туркия ва Россия муносабатлари яхшиланадими?

27 июнь куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Владимир Путинга 2015 йилнинг 24 ноябрида уриб туширилган Су-24 самолёти учун узр сўраб мактуб йўллагани ҳақида маълум қилди. Песковнинг айтишича, Туркия президенти юз берган ҳодисадан афсусда эканини билдирган ҳамда учувчи Олег Пешковнинг ўлими юзасидан таъзия изҳор қилган ва бу оила учун товон тўланишини билдирган.

Ҳозирча учувчининг оиласига қанча миқдорда товон берилиши аниқ эмас. Буни Россия хукумати ёки учувчининг оиласи ҳал қилиши мумкин.

Қайд этиш керакки, “Озодлик флотилияси” билан боғлиқ воқеа учун Туркия Исроилдан 20 миллион доллар товон пули олганди (2010 йили Исроил махсус бўлинмаси томонидан Туркияга қарашли «Мави Мармара» паромининг қўлга олиниши чоғида туркиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган).

Мактубда Туркия Россия бимлан алоқаларни бузиш нияти йўқлиги, Москва Анқаранинг стратегик ҳамкори экани таъкидлангани айтилди.

Ҳар икки томон шу вақтгача алоқалар тикланиши тарафдори эканлигини айтиб келар, аммо муносабатлар яхшиланиши учун биринчи қадамни қўйишда ҳеч бир томон қадам ташламаётганди.

Кремл томонидан берилган баёнотларда мулоқот қайта йўлга қўйилиши учун Анқара кечирим сўраши, ҳодиса сабаблари юзасидан тушунтириш бериши ва самолёт учун ҳамда учувчининг оила аъзоларига товон тўлаши лозимлигини айтиб келинарди.

Туркия раҳбарининг Россия президентига йўллаган мактубида “Оғриқни енгиллаштириш ва етказилган зарарни қоплаш мақсадида биз ҳар қандай ҳаракатларга тайёрмиз”, дейилган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бўшаб қолган Туркия пляжлари ва тўхтаб қолган Россиядаги қурилишлар ҳар икки мамакат иқтисодиётига зарар еиказгани аниқ. 21 июнь куни Hurriyet газетаси Антальядаги турсаноат инқирозга юз тутгани борасида хабар берди. 2016 йилнинг беш ойи давомида россиялик сайёҳларнинг Туркияга келиши 96 фоизга қисқариб кетди.

Туркиянинг узрини Россия қабул қилиши ёки қилмаслигини вақт кўрсатади. Шу ҳафтада ҳар икки президентнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Россия ва Туркия ўртасидаги алоқаларнинг изга тушиши билан боғқлиқ масалалар 1 июль куни Сочида Қора денгиз минтақаси Иқтисодий Кенгаши ташқи ишлар вазирларининг анжумани доирасида ҳам муҳокама қилинади. Анжуманда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлюд Човушўғли иштирок этиши кутилмоқда.

Россиялик сиёсатчилар агар Эрдўғаннинг узри самимий бўлса, у ҳолда икки мамлакат ўртасидаги мулоқотлар давом этиши керак деган фикрларни айтишмоқда.

Либерал демократик партия раҳбарларидан бири Игорь Лебедев ўз сўзида Эрдўған мардларча иш қилганини қайд қилар экан, “ҳар қандай эркак ҳам узр сўрай олмайди” деди. Унинг фикрича, 70 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Туркия билан алоқаларни ўрнатиш керак.

Ўтган йилнинг 24 ноябрида Туркияга тегишли қирувчи самолёт Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини Сурия осмони устида уриб туширди. Россия ва Туркия ўртасидаги энг самимий ва энг олий даражали алоқалар бирданига нолга тушиб кетди.

Владимир Путин ҳодисага баҳо берар экан буни “ортдан берилган зарба” деб баҳолади.

Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган айрим хабарларга кўра, Эрдўған сўнги йилларда Туркия ташқи дунёдан ажратиб қўйилишига сабабчи бўлди. Россиядан узр сўраши орқали эса ташқи сиёсатидаги кескинликни бироз юмшатишга уринмоқда.

Шуни айтиш керакки, Путиндан узр сўрашдан аввал Туркия ва Исроил ўртасидаги муносабатларда ҳам илиқлик кузатила бошланди. Бундан олти йил авввал “Озодлик флотилияси” Исроил ҳарбийлари томонидан ҳужумга учраганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кескинлик юз берган эди. 9 нафар туркияликнинг ўлими юзасидан Туркия Исроилнинг кечирим сўрашини талаб қилиб келмоқда эди. Ниҳоят бу икки мамлакат ўртасидаги алоқалар яхши томонга ўзгара бошлади. Ҳар икки мамлакат бош вазирлари томонидан эришилган келишувга кўра, эндиликда расмий Анқара Фаластиннинг Ғазо минтақасига ёрдам кўрсата олади, Исроил гази Туркия орқали Европага етказиб берила бошланади ва ҳар икки мамлакатнинг элчилари ўз фаолиятларини қайта тиклашади. Ярим йиллик музокоралардан сўнг эришилган келишув матни Римда бўлиб ўтган музокораларда тасдиқланган эди. Душанба куни ҳар икки мамлакат бош вазирлари Биньямин Нетаньяҳу ва Биноли Йилдирим бир вақининг ўзида синхрон баёнот билан чиқишди. Бош вазирларнинг баёнотларидан бир неча соат ўтар-ўтмас Россия ва Туркия ўртасидаги алоқаларга оид ахборот тарқалди.

Manba: Kun.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru