Қуёш батареяларида ишловчи самолёт дунё бўйлаб илк саёҳатини бошлади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
09-03-2015 | 12:15 ZAMIN.UZ / Дунё / 09 Март 2015 года
865

Қуёш батареяларида ишловчи самолёт дунё бўйлаб илк саёҳатини бошлади

Қуёш батареяларида ишловчи самолёт дунё бўйлаб илк саёҳатини бошлади

Фақатгина қуёш энергиясидан фойдаланиб парвозни амалга оширувчи Solar Impulse 2 самолёти Абу-Дабидаги Ал-Батин аэропортидан 9 март куни маҳаллий вақт билан соат 07:12 да тарихда биринчи марта дунё бўйлаб саёҳатга учиб кетди.

Самолётнинг ҳавога кўтарилиш лавҳалари Sky News Arabia телеканали орқали жонли намойиш қилинди. Самолёт дастлаб Уммон пойтахти Маскатга йўл олди ҳамда шу куннинг ўзида шу ерда биринчи қўнишини амалга оширади.

“Бу БАА учун жуда катта ютуқ бўлди”, деб айтди парвозда иштирок этганлардан бири доктор Аҳмад ибн ал-Ҳовул.

Самолётни Dassault Systеmes лойиҳаловчи компанияси ишлаб чиққан.

Solar Impulse 2 самолёти ўтган йилнинг апрелида оммага намойиш қилинганди ва июнь ойида синовдан муваффақиятли ўтганди. Самолёт қанотларининг умумий узунлиги 72 метрни, оғирлиги 2,3 тоннани ташкил қилади. Самолётнинг яхлит қилиб ишланган қаноти 17,2 минг дона қуёш батареялари билан қопланган. Бу батареялар учиш қурилмасининг электромоторларини қувватлаб туради. Самолётнинг максимал учиш тезлиги соатига 140 километрни ташкил қилади.

Бундан ташқари, самолёт исталган об-ҳаво шароитида учиш, шу жумладан булутли ҳудудларни кесиб ўтиш учун ҳам мўлжалланган. Самолёт ўзининг олдинги моделидан фарқли равишда, турбулентлик ҳудудларини ҳам кесиб ўта олади.

Solar Impulse 2 самолётининг олдинги модели Solar Impulse қуёш батареясида учувчи самолётлар орасида биринчи бўлиб 2010 йилнинг 7 апрелида узоқ масофага парвозни амалга оширган эди. Ўшанда самолёт ҳавода тахминан 75 дақиқа парвоз қилган.
2012 йилда бу самолёт Швейцариядан Мароккашга томон 2,5 минг км лик қитъалараро парвозни икки босқичда амалга оширган. Бу самолёт 2013 йилда тўхташларсиз 26 соат давомида ўзи учун рекорд даражадаги 1,5 минг километрлик масофани босиб ўтган.

Манба: www.kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru