Россия МВ: Сурияда гуманитар карвонга ҳужумда АҚШ бошчилигидаги коалиция дрони бўлган » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Россия МВ: Сурияда гуманитар карвонга ҳужумда АҚШ бошчилигидаги коалиция дрони бўлган

 Россия МВ: Сурияда гуманитар карвонга ҳужумда АҚШ бошчилигидаги коалиция дрони бўлган

Сурияда БМТ гуманитар карвонига ҳужум қилинган ҳудудда карвон аланга ичида қолган вақтда АҚШ бошчилигидаги коалиция дрони бўлган, деб айтди Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков.

Конашенков АҚШнинг Ҳалабдаги гуманитар карвонга ҳужум қилинишида Россияни айблаши ҳамда у ерда Су-24 самолётларининг бўлганини айтиши Россияни 19 сентябрдаги фожианинг нозик томонларини ошкор қилишга мажбур қилишини айтди.

"Гапни шундан бошламоқчиманки, Россия мудофаа вазирлиги 19 сентябрда гуманитар карвонга авиазарба берилган кечки вақтдаги ҳаводаги вазиятнинг объектив назорати маълумотларига эга. Россия самолётлари Урум-ал-Кубра аҳоли пункти ҳудудида ҳеч қандай зарбаларни режалаштирмаган ва уни амалга оширмаган. Шунинг учун Россия самолётлари бу ҳудудда умуман бўлмаган", деб гапни бошлади Конашенков матбуот-анжуманида.

"Бундан ташқари, 19 сентябрда Россиянинг "Ҳмаймим" базасидаги авиагуруҳ қўмондонлигининг вакили билан телефон суҳбатида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг полковник унвонидаги вакили бу ҳақда батафсил хабардор қилинган. Унинг фамилияси АҚШга яхши маълум. 19 сентябрда кечки вақтда гуманитар карвон бўлган ҳудудда Инжирлик базасидан ҳавога кўтарилган ҳамда 3600 метр баландликда 200 км/соат тезлик билан ҳаракатланаётган халқаро коалиция учувчисиз парвоз қурилмаси бўлган", деб ўз сўзларини давом эттирди Россия вакили.

Унинг айтишича, "парвоз қурилмаси ҳаводаги вазиятни назорат қилиш тизимлари томонидан "Предатор" туридаги дрон сифатида идентификация қилинган".

Конашенковнинг таъкидлашича, дрон карвон бўлган Урум-ал-Кубрада унинг ёнишидан бир неча дақиқа олдин пайдо бўлиб, бу ҳудудни тахминан 30 дақиқадан кейин тарк этган.

"Таъкидлаб ўтмоқчиман, коалициянинг авиазарбаси оқибатида 200 дан кўпроқ одам ҳалок бўлиб, жароҳатланган 17 сентябрдаги Даур-аз-Зордаги фожиадаги каби биз қуруқ хулосалар қилмаймиз. Савол шундаки, учувчисиз парвоз қурилмаси бу нуқтада керакли вақтда қандай мақсад билан бўлган ва у ерда қандай вазифаларни бажарган? Бу фақат унинг эгаларига аён", деб таъкидлаб ўтди Конашенков.

Конашенковнинг айтишича, бу турдаги дрон нафақат вазиятни мониторинг қилиш, балки ердаги зарба берувчи воситаларни нишонга тўғрилаши ҳамда мустақил равишда ердаги объектларга аниқ зарбалар беришга қодир.

Конашенковнинг айтишича, Ғарб "ахборот шовқини" ортида Даур-аз-Зордаги фожиани "ёпди-ёпди" қилишга уринмоқда ҳамда дунё ҳамжамияти эътиборини "Жибҳат ан-Нусра" жангарилари томонидан Ҳалабга ҳужум қилинаётганидан четга олиб қочмоқчи.

20 сентябрга ўтар кечаси Сурия араб Қизил ярим ой жамияти ва БМТ инсонпарварлик ташкилотларининг қўшма гуманитар карвони Ҳалабдан шимолда жойлашган Урум ал-Кубра ҳудудида ҳужумга учраган. Карвон 31 та юк машинасидан иборат бўлган ва 78 минг кишига ёрдам олиб кетаётган бўлган. Халқаро Қизил хоч қўмитаси маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 18 та юк машинаси йўқ қилинган, камида 20 киши ҳалок бўлган.
АҚШнинг фикрича, зарба Сурия ҳукумат қўшинлари ёки Россия ҳарбий-коинот кучлари томонидан берилган бўлиши мумкин.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу айбловларни "қуруқ гаплар" деб атаган. Россия мудофаа вазирлиги ўз навбатида Россия ва Сурия авиацияси зарба бермаганини маълум қилган.

Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru