10:48 / 23.09.2016
6 425

Керри ва Лавров Сурия масаласида келиша олмади, "сулҳ умиди дафн этилди"

Керри ва Лавров Сурия масаласида келиша олмади, "сулҳ умиди дафн этилди"

Расмий Вашингтон ва Москва Сурияда тинчликка эришиш масаласида йил давомида иккинчи бор ўтказилган музокарада ҳам келишувга эриша олмади. Бу вақтда эса Башар Асад Ҳалабга ҳужум бошлаши ҳақида эълон қилди.

Пайшанба куни кечқурун Ҳалабнинг шарқий қисмига ҳукумат самолётлари томонидан аёвсиз ҳужум уюштирилди ва 45 киши ҳалок бўлиб, тинчлик сулҳи тузилиши борасидаги умидлар чиппакка чиқди.

АҚШ ва Россия томонлари америкалик ҳарбийлар Сурия ҳарбийларига ҳаво зарбалари бергани ҳамда БМТнинг инсонпарварлик юклари ортилган карвони ҳужумга учрагани борасида (бу ҳужумда Россия самолётлари ҳам иштирок этгани гумон қилинди, россияликлар эса ҳужумда АҚШ дрони қатнашганини иддао этди) мунозарага киришди.

Таркибида АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларини ўзида жамлаган "Сурияни қўллаб-қувватлаш халқаро гуруҳи" БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси доирасида Суриядаги инқироз масаласини муҳокама этишди.

Учрашув Манхэттендаги беш юлдузли меҳмонхонада ўтказилиб, Лавровнинг таъбири билан айтганда "дуранг" билан якунланди.

БМТнинг Сурия масаласи бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура эса "АҚШ ва Россия Суриядаги вазиятни изга солишни чиндан исташига ишонишини" айтиб ўтган.

"Бу узоқ давом этган, азобли ва умидсизликка тўла учрашув бўлди", деган дипломат ёпиқ эшиклар ортида кечган бу музокараларга баҳо бераркан.

Шу билан бирга де Мистура "тинчлик сулҳи тузилишига умидлар аввалроқ кўмиб бўлингани"ни қайд этиб ўтган.

Керри эса журналистларга умидни йўқотмаслик кераклигини айтган.

"Биз чиқиб, бутун дунёга "биз келиша олдик" дея олмаймиз", дея Керрининг сўзларини келтирган Ассошиэйтед пресс.

Керри ўзаро ишонч тикланиши учун ҳаводаги ҳарбий ҳаракатларни давом эттираётган томонлар бу ҳаракатларини тўхтатиши талаб этилади.

Лавров ҳам Сурия мухолифати ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши кераклигини таъкидлаган.

"Агар руслар бизга конструктив таклиф билан қайтса, биз уларни эшитишга ҳамиша тайёрмиз", деган Керри.

У АҚШ томони "бу масаладаги жараёнда олдинга ташланган ҳар бир қадам билан мақтанишини, чунки Сурияда одамларнинг ўлдирилишига ягона Сурияни ташкил қилиш орқали чек қўйиш мумкинлигини" қўшимча қилиб ўтган.

Сурияда 5 йилдан буён давом этаётган фуқаролик уруши юз минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритди, 11 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётини издан чиқардии ва Европада Иккинчи Жаҳон урушидан буён энг йирик қочқинлик муаммоси юзага келди.

Томонларни яраштириш бўйича янги режа ҳақида 9 сентябрь куни Керри ва унинг россиялик ҳамкасби, Сергей Лавров ўртасидаги 15 соатлик музокаралардан сўнг эълон қилинган эди. Келишиб олинган режа бешта ҳужжатни ўз ичига олади, бироқ улар махфий ҳолда қолди.

12 сентябрь куни ярашув ҳақидаги битим амалга кирди, аммо бир ҳафта ўтмасданоқ аввалига Сурия ҳарбийлари ҳужумга учради, сўнг БМТ инсонпарварлик ёрдами ўққа тутилди ва ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланиб кетди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Керри ва Лавров Сурия масаласида келиша олмади, "сулҳ умиди дафн этилди"