Дунё давлатлари раҳбарлари Трампнинг ғалабасини қандай қарши олишди? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
10-11-2016 | 21:18 ZAMIN.UZ / Дунё / 10 Ноябр 2016 года
1 257

Дунё давлатлари раҳбарлари Трампнинг ғалабасини қандай қарши олишди?

Дунё давлатлари раҳбарлари Трампнинг ғалабасини қандай қарши олишди?

АҚШдаги 58 президентлик сайловларининг натижаси дунёда ҳар хил муносабатлар билан кутиб олинди, дея ёзмоқда Sof.uz сайти.

Турли мамлакатлар раҳбарлари ва сиёсатчилар аллақачон Доналд Трампнинг ғалабаси ҳақида ўз фикрларини билдиришга улгуришган. Авторитар тузум раҳбарлари ва ўнглар партиялари вакиллари республикачи номзоднинг ғалабасини олқишлашган.

Сиёсий ёки ҳарбий соҳада тажрибага эга бўлмаган президент ўз нутқида АҚШнинг доимий ҳамкорлари бўлган мамлакатлар билан ўзаро, низосиз сиёсат юритишга ишора берган. Сайлов кампанияси давомида Трамп Россия президенти Владимир Путинга нисбатан илиқ фикрлар билдирган эди. Россия президенти Трампни сайловдаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб табриклаган. Россия-АҚШ муносабатлари Украина ва Сурия низолари, Россиянинг АҚШга киберҳужумлар уюштиршда айбланиши ортидан анча ёмонлашган эди.

Доналд Трампнинг Эрон билан ядровий битимларни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги фикрлари Эрон расмий доираларида ҳам акс-садо берган. Эрон Бош вазири Жавод Зариф янги президентни битимга риоя қилишга чақирган бўлса, президент Ҳасан Руҳоний сайлов натижалари расмий Теҳроннинг сиёсати ва ядровий битимга таъсри этмаслигини айтган.

Исроил президенти Бинямин Нетаняҳу эса Трамп даврида ўзаро ҳамкорликда «янги марралар»га эришишга умид билдирган. Трамп исроилнинг Фаластиндаги сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган президент сифатида кўрилмоқда. Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам Трампни ғалаба билан табриклаган. Миср президенти Абдулфаттоҳ Сисий янги президентнинг АҚШ-Миср муносабатларига янги нафас олиб келишидан умидвор.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мей «мавжуд ва ўзига хос алоқалар» бешикаст давом этишига ишонч билдирган. Аммо Европа давлатлари раҳбарларининг ҳаммаси ҳам сайлов натижасини илиқ кутиб олишмаган. «Трамп – янги авторитар ва шовинистик умумжаҳон ҳаракатининг кашфиётчиси. У бизни сергаклантиряпти», – деб айтган Германия вице-канцлери Зигмар Габриел. Бир неча ой муқаддам Доналд Трамп Германия канцлери Ангела Меркелни бир миллиондан ортиқ муҳожирга бошпана бергани учун «аҳмоқ» деб атаган эди.

Франция президенти Франсуа Олланд Доналд Тармпнинг халқаро масалаларга муносабатини аниқлаштириш учун зудлик билан музокаралар олиб боришни хоҳламоқда. Франциянинг Миллий фронт патияси раҳбарларидан бири Флориан Филиппот сайлов ҳақида фикр билдирар экан, «Уларнинг дунёси қуламоқда. Бизники эса янгитдан барпо қилинмоқда», – деб айтган.

Хитой раҳбарининг табрикномаси эса анчагина муросали руҳда ёзилган бўлиб, икки томонлама муносабатларни «низо ва адоватларсиз, ўзаро ҳурмат ва манфаатли ҳамкорлик» асосига қуришга умид билдирилган.

Жанубий Корея АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан ҳозирги сиёсати сақланиб қолишидан умидвор. Расмий Сеул Трампнинг Шимолий Кореяга янгича таклифлар билан чиқишидан хавотир билдирган.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru