Владимир Путиннинг Федерал Йиғилишда айтиб ўтган асосий фикрлари » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
05-12-2014 | 01:29 ZAMIN.UZ / Дунё / 05 Декабр 2014 года
1 618

Владимир Путиннинг Федерал Йиғилишда айтиб ўтган асосий фикрлари

Владимир Путиннинг Федерал Йиғилишда айтиб ўтган асосий фикрлари

Бугун, 4-декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ҳар йили ўтказиладиган Федерал Йиғилишда 1 соату 10 минут давомида нутқ сўзлади. Президент нутқи "Россия24" ва "Россия1" каналлари орқали жонли трансляция қилинди.

У ўзининг бу сафарги, 11-чиқишида Россия миллий хавфсизлик масалалари, СССР ҳудудидаги республикаларнинг суверентитети ҳамда ижтимоий-иқтисодий саволлар ҳақида тўхталди.

"Муқаддас Қрим"
Владимир Путин мажлиснинг очилиш нутқида Қрим ўлкасининг Россия таркибига қўшиб олиниши ҳақида гапириб, рус халқига бу қарорни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирди.
"Россия ўз дўстларига ҳамиша ёрдам беришга тайёр - дейди бу ҳақида президент.
Давлат раҳбари Қрим ҳақидаги мулоҳазаларини давом эттира туриб, Қуддус христианлар учун қандай муҳим жой бўлса, Қримдаги Херсонес қишлоғи ҳам рус давлатчилиги учун шу қадар аҳамиятга эга бўлганини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, айнан шу қадимий қишлоқ Херсонесда 11-асрда рус князи Владимир чўқинтирилиб, христиан динини қабул қилган эди.

Россияга қўлланаётган санкциялар ҳақида
Владимир Путин ғарб мамлакатларининг Россияга қўллаётган иқтисодий жазолари ҳақида ўз муносабатини билдирар экан, АҚШ ва унинг иттифоқчилари анча вақтдан бери шундай қилишни кўзлаб юришгани, "Қрим оккупацияси" улар учун бир баҳона бўлгани, агар бу иш бўлмаганида ҳам, улар Россияга санкция қўллаш учун бошқа баҳона ўйлаб топган бўлишлари ҳақида гапирди.
"Бу санкциялар ҳамма учун, буни жорий этган мамлакатлар учун ҳам катта зарарлар келтирмоқда", - дейди Путин.

Собиқ совет республикалари билан алоқалар тўғрисида
Владимир Путин Собиқ Совет ҳудудида руслар билан иттифоқчиликда яшаган, СССР парчалангач, мустақилликка эришган давлатларнинг суверентитетларини ҳамиша ҳурмат қилиб келгани ва бундан кейин ҳам ҳурмат қилишда давом этишини маълум қилди.

Россия иқтисоди ҳақида
Президент рус бизнесменларини келажакдан хавотирланмасликка чақирди. У солиқлар оширилмаслиги, тадбиркорларга босим юкланмаслигига ваъда берди. Унинг ваъдасига кўра, 4 йил давомида солиқлар ўзгармайди.
Шунингдек, у бизнесменларга миллий саноатда импорт материалларга қарамлик камайтирилиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Унинг яна бир топшириғига кўра эса, Россия ҳудудида йўллар қурилиши икки баробар ҳажмга кенгайтирлилиши керак.

Россия рубли қадрсизланишининг олдини олиш чоралари ҳақида
Президент кундан-кунга миллий валютанинг қадрсизланиб бораётганини эътироф этди. У бу жараён учун валюта бозоридаги чайқовчиларни айбдор сифатида кўрсатди ҳамда Россия банкларига бундай чайқовчиларга қарши курашиш бўйича кўрсатмалар берди.
"Ҳукумат айбдорларни билади. Вақти келганда уларни тийиб қўяди ", - дейди бу ўринда Владимир Путин.
Бундан ташқари у вилоятлар ҳокимларига бозорларда қаттиқ назорат ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Молия вазирлиги вакилларига ҳар бир рублни тежаш кераклигини уқтирди.

Демографик ҳолат ва соғлиқ тизимини яхшилаш хусусида
Владимир Путин аҳоли ўртасида туғилиш суратлари секинлашгани ҳақида баён қилиб, иккинчи фарзандини дунёга келтирган оналар учун махсус ионалар миқдори оширилиши ҳақида маълум қилди.
Унинг маълумотига кўра, Қрим ўлкаси қўшиб олингандан кейин Россия аҳолиси 146 миллионни ташкил этган.
Президент аҳоли саломатлигини ошириш ва ўртача умр кўриш кўрсаткичларини 74 ёшгача етказиш чора-тадбирлари сифатида кейинги 2015-йилни "Юрак ва қон-томир хасталикларига қарши кураш йили" сифатида номлашни таклиф қилди.

"Пўлат оловда тобланади"
Владимир Путин ўзининг ёпилиш нутқини кўтаринки ватанпарварлик руҳида ўтказди.
"Оғир дамлар биз учун янги имкониятларни тақдим этади", - дейди президент.
У барча сиёсий партиялар ҳамда оддий фуқароларни ҳамжиҳатликда ватан тараққиёти учун ишлашга даъват этди
"Ҳар бирингиз зиммангиздаги масъулиятни тўлиқ ҳис қилиб, мамлакат тараққиёти учун курашга тайёр бўлмоғингиз лозим", - дейди Россия президенти Владимир Путин.

Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru