Нью-Йоркда хот-дог ейиш бўйича янги чемпион аниқланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
05-07-2015 | 16:56 ZAMIN.UZ / Дунё / 05 Июл 2015 года
1 960

Нью-Йоркда хот-дог ейиш бўйича янги чемпион аниқланди

Нью-Йоркда хот-дог ейиш бўйича янги чемпион аниқланди

Нью-Йоркда 4 июль куни бўлиб ўтган хот-догни тез ейиш бўйича чемпионатда янги ғолиб аниқланди. «CNN»га асосланиб «Daryo.uz» нинг ёзисича, мусобақанинг янги ғолибига айланган 23 ёшли Меттью Стоуни белгиланган 10 дақиқа ичида 62 та хот-догни паққос туширди.

Стоуни шоҳсупада Жой Честнатнинг ўрнини эгаллади – Честнат сўнгги саккиз йилдан бери биринчиликни ҳеч кимга бермай келаётганди. Бу йилги мусобақада Честнат 60 та хот-дог кўрсаткичи билан иккинчи ўринни эгаллади.

Ўтган йили Стоуни 56 та хот-догни тановул қилиб, иккинчи бўлганди. Бу йил эса ўз натижасини олтитага яхшилади. «Бунинг учун машқ қилдим. Ғалабага ишончим комил эди, деб айта олмайман, бироқ мусобақага тайёр эдим», – деди ғолиб.

Шунга қарамай, Честнат томонидан 2013 йилда ўрнатилган рекорд дахлсиз қолди – ўшанда у 10 дақиқа ичида 69 хот-догни еб қўйганди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда кетма-кет иккинчи йил Мики Судо ғолиб чиқди. Бу сафар Мики 10 дақиқа ичида 38 та хот-догни тановул қилди, ваҳоланки, ўтган йили ғолиб чиқиш учун 34 та егулик етарли бўлганди. Мусобақада иккинчи бўлган Сонья Томас эса ўз вақтида 45 та хот-догни еб, мусобақа рекордини ўрнатган.

Хот-догни тез ейиш бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақалар Нью-Йоркда 1972 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. 2011 йилдан аёллар ўртасидаги мусобақалар ҳам ўтказила бошланди. АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам шундай мусобақалар ташкил этилади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru