Telegram асосчиси Париждаги терактлар учун жавобгарликни ИШИД ва Франция ҳукуматига юклади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
18-11-2015 | 17:04 ZAMIN.UZ / Дунё / 18 Ноябр 2015 года
648

Telegram асосчиси Париждаги терактлар учун жавобгарликни ИШИД ва Франция ҳукуматига юклади

«VKонтакте» ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Парижда 13 ноябрь куни юз берган терактлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Айни вақтда, у Instagram’даги ўз саҳифасида Франция ҳукуматини танқид остига олиб, фожиа учун ҳукумат «Ироқ ва Шом ислом давлати» билан бир хилда жавобгар эканлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Foto: Facebook / Pavel Durov

Дуровнинг сўзларига кўра, Франция «ҳукуматининг беғамлиги фожиага сабаб бўлди». «Ҳукумат фуқароларга ҳаддан ташқари катта солиқлар солган, бу пуллар эса Яқин Шарқдаги бефойда урушга, шунингдек, Шимолий Африкадан келган муҳожирлар учун зарарли ижтимоий жаннатни яратишга сарфланмоқда», — деб ёзади у. «VKонтакте» асосчиси Парижнинг социалистлар қўлида қолаётганини шармандалик деб атаб, «улар бу гўзал шаҳарни вайрон қилаётгани»ни айтиб ўтди.

16 ноябрь куни Россия Давлат думасининг Конституциявий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Александр Агеев Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортниковдан, агар ИШИД террорчилари Telegram мессенжеридан фойдаланаётгани ҳақидаги ахборот тасдиқланса, Россияда мазкур мобил дастурдан фойдаланишни чеклаш имкониятини кўриб чиқишни сўраганди.

Telegram асосчиси эса мазкур ғояга изоҳ бераркан, «сўзларни тақиқлашга» чорлаган эди. «Маълумотларга кўра, сўзлар ёрдамида террорчилар ўзаро мулоқот қилаётган экан», — деб ёзганди Дуров «VKонтакте»даги саҳифасида.

Дуров сентябрь ойи охирида Telegram мессенжеридан террорчилар фойдаланаётганини, бундан ўзини айбдор ҳис қилмаётганини қайд этиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, ИШИД аъзолари мулоқот воситасини ҳар доим топа олади ва бирор платформа ишончсиздек туюлса, улар бошқа бир воситага мурожаат қилади.

ИШИД 13 ноябрь оқшомида Парижда юз берган террорчилик ҳаракатлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Сўнгги маълумотларга кўра, террорчилик ҳужумлари оқибатида 129 киши ҳалок бўлди, 352 киши тан жароҳати олди.


Манба: Daryo.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru