Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
23-11-2015 | 12:45 ZAMIN.UZ / Дунё / 23 Ноябр 2015 года
980

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

National Geographic журнали қулаётган қушлар водийси, ақлбовар қилмас сароблар макони, ғалати ерости йўллари тармоғи ва саёҳатчининг асабини яхшигина эговлаши мумкин бўлган яна етти қизиқарли жойнинг рўйхатини тузди.

1. Шэньси вилоятидаги шаршара (Хитой)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Бу шаршара ҳозирга қадар ечилмаган табиат тилсимидир. Қишда, ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 30 даража совуқ бўлган вақтда музламайдиган шаршара 25 йилда бир марта — ёз чилласида тўсатдан музлаб қолади.

2. Жатинга водийси (Ҳиндистон)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Ҳиндистоннинг Ассам штатидаги Жатинга водийсида ёзнинг сўнгги кунларида ғайритабиий ҳодисалар юз беради. Бу ерга ярим кечаси қарийб ҳушсиз ҳолдаги қушлар тўдаси учиб келиб, шу қадар пастлайдики, аҳоли уларни оддий таёқлар билан уриб тушириб, пишириш учун оловга ташлайди. Орнитологлар бу ҳодиса сабабини тушунтириб беролмаяпти, маҳаллий аҳоли эса буни тангрининг туҳфаси, деб ҳисоблайди.

3. Ўлим водийси (АҚШ)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Бу ерда ғалати судралувчи тошларни кузатиш мумкин, лекин ҳеч ким бу тошлар нима сабабдан судралаётганини тушунтириб беролмайди. Шунингдек, айнан Ўлим водийсида Шимолий Америкадаги энг юқори ҳаво ҳарорати (Цельсий бўйича 57 даража иссиқ) қайд этилган. Бундан ташқари, «ўзга сайёраларнинг манзаралари»ни томоша қилиш учун ҳам бу ерга сафар қилса бўлади — Голливуднинг «бошқа дунёлар» ҳақидаги фильмлари, кўпинча, шу ерда суратга олинади.

4. Ниидзима ороли (Япония)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Токиодан 970 километр узоқликда, океан ўртасида кичик бир орол бор. Қизиқ томони, орол 2013 йил 20 ноябрь куни пайдо бўлган. Ушбу ҳодиса камерага ёзиб олинган — соҳил қўриқлаш хизмати сувдан отилаётган вулқонни видеога олган. Вулқон сув остида яшириниш ўрнига, ўсишда давом этди ва бугунги кунда Бонин ороллари тизмасининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

5. Патомский кратери (Россия)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Иркуцк вилоятидаги Патомский кратери Россиядаги энг сирли объектлардан бири ҳисобланади. Бу ерга 1960 йиллардан бери кўплаб илмий экспедициялар уюштирилган бўлса-да, ноодатий конус кўринишидаги ҳалқали тузилманинг келиб чиқиши тўла очиб берилмаган. Ҳозирча икки тахмин бор — кратер ғайриоддий магматик жараёнлар ёки метеорит тушиши оқибатида юзага келган. Геологик топилманинг ёши 500 йилга тенг, деб тахмин қилинади.

6. Франгокастелло қасри (Греция)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Крит оролидаги Франгокастелло қасрида Ер юзидаги ягона ҳужжатлаштирилган хроносароб кузатилади. Ёзнинг бошида, кун эндигина ёришаётганида оммавий жанг саҳнасини кузатган гувоҳлар кўплаб топилади — баъзилар шу қадар таъсирланиб кетганки, ҳатто қуролларнинг жаранглаши ва жангчиларнинг бақиришларини ҳам эшитганини айтади. Иккинчи Жаҳон урушида немис аскарлари ушбу саробга қарата, қўрққанидан, ўт очгани ҳақида гап-сўзлар бор.

7. Медведица тизмаси (Россия)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Россиянинг Волгоград вилоятидаги унча катта бўлмаган тепаликлар тизмасида мунтазам равишда сирли табиат ҳодисалари юз бериб туради. Шар чақнашлари, дарахт пояларининг қийшайиб кетиши — бу ерда кузатиладиган ғайриоддий ҳодисаларнинг бир қисми, холос. Бундан ташқари, Медведица тизмаси остида сирли ерости йўллари мавжуд. Маҳаллий аҳоли буни ҳукуматнинг махфий базаси, қадимий тамаддун излари ва ҳатто транспорт тармоғи ҳам, деб тахмин қилади. Олимлар эса бу борада ҳозирча бирор жўяли фикр айта олмаяпти.

8. Қора бамбук жарлиги (Хитой)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Мазкур хушманзара жойда кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва йўқолган, деб тахмин қилинади: биргина ХХ асрнинг ўзида бу ерда 300 га яқин одам бедарак йўқолган, самолёт ҳалокатга учраган, хариташунослар ва ўрмон назоратчиларининг гуруҳлари изсиз ғойиб бўлган. Олимлар бу ҳодисаларнинг асосий сабабини ҳалигача аниқлай олган эмас.

9. Скелетлар соҳили (Намибия)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Намиб саҳроси денгиз билан тўқнашадиган жой мана шундай қўрқинчли ном билан аталади — соҳил ва саёзликлар ҳам замонавий, ҳам қадимий денгизларнинг қолдиқлари билан тўлиб-тошган. Доимий туман, улкан сувости қоялари ва тез-тез юз бериб турадиган бўронлар денгизчилар учун энг хавфли вазиятларни юзага келтиради. Бу ерда юз берган кема ҳалокатларида омон қолганлар деярли бўлмаган.

10. Тош мақбаралар (Рокния, Корея, Индонезия, Исроил, Португалия, Скандинавия, Россия)

Ер сайёрасининг энг сирли маконлари (фото)

Қадимшуносларнинг фикрича, қачонлардир бу тош ёдгорликлар қадимги коҳинларнинг қурбонлик келтирадиган жойи сифатида хизмат қилган. Бир қарашда уларнинг ҳеч қандай ўзига хослиги йўқдек, бироқ бир-бирига ўхшаш бундай тош мақбаралар деярли бир вақтнинг ўзида дунёнинг турли бурчакларида қурилгани ҳам қўрқитади, ҳам ўзига жалб қилади.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru