Ҳиндистонда ҳукумат қўшинлари билан отишмада тўрт нафар жангари аёл ўлдирилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
23-11-2015 | 17:55 ZAMIN.UZ / Дунё / 23 Ноябр 2015 года
766

Ҳиндистонда ҳукумат қўшинлари билан отишмада тўрт нафар жангари аёл ўлдирилди

Ҳиндистон марказидаги Чхаттисгарх штатида ҳукумат қўшинларининг исёнчилар билан тўқнашуви оқибатида камида тўрт нафар маочи аёл ўлдирилган, жангарилар гуруҳи етакчиси эса яраланган. Бу ҳақда штат полицияси маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».

Ҳиндистонда ҳукумат қўшинлари билан отишмада тўрт нафар жангари аёл ўлдирилди

«Жангарилар гуруҳини йўқ қилиш бўйича махсус операция махсус бўлинма томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда маочилар назорати остида бўлган Сукма округида ўтказилди. Қақшатқич отишмалар давомида камида тўрт нафар жангари аёл ўлдирилди, шунингдек, маочилар етакчиси яраланди. Қолган жангарилар катта миқдорда қурол-аслаҳа ва ўқ-дори захираларини қолдириб, тўқнашув жойидан қочган», — дея таъкидлади Чхаттисгарх полициясининг расмий вакили.

Полиция маълумотларига кўра, жосуслар етказган ахборот ёрдамида фош этилган гуруҳ минтақадаги бир қанча, хусусан, 2013 йил март ойида Жирам водийсида уюштирилган ҳужумларда иштирок этган. Мазкур ҳужум оқибатида 31 киши, жумладан, Ҳиндистон миллий конгресси партияси минтақавий бўлими раҳбарлари ҳалок бўлганди.

Маочи жангарилар (уларни наксалитлар деб ҳам аташади) мамлакатнинг Бихар, Чхаттисгарх, Жаркханд, Орисса, Махараштра штатлари чангалзорларида яширинган бўлиб, марказий ҳукуматга қарши кураш олиб боради, мансабдорлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум уюштиради. Ҳиндистон ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, кейинги ўн йил мобайнида маочилар лагерида камида 40 минг жангари тайёргарликдан ўтган. 2014 йилнинг ўзида 150 га яқин киши уларнинг қурбони бўлган.

 

Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru