Машҳурлар томонидан амалга оширилган энг телбанамо 9 харид (фото) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
25-11-2015 | 19:34 ZAMIN.UZ / Дунё / 25 Ноябр 2015 года
551

Машҳурлар томонидан амалга оширилган энг телбанамо 9 харид (фото)

Машҳур кишилар энг ғалати ва кутилмаган нарсалар учун ҳаддан ташқари кўп пул сарфлашга мойил бўлади, деб ёзади «Интересно».

Баъзи машҳурлар бу харидларни янада машҳурроқ бўлиш, бошқалари эса матбуот эътиборидан тушмаслик учун, учинчилари эса шунчаки ўзларига шуни раво кўра олгани сабаб амалга оширади.

9. Боно: шляпа учун авиачипта (1,7 минг доллар)

Foto: “Interesno”

Таътилдан қайтишда шляпасини унутиб қолдирган Боно, уни қайтариш учун имкони бор барча чораларни кўришга мажбур бўлди. Севимли шляпаси ўзига қайтариб берилиши учун U2 гуруҳи яккахони бош кийим учун 1,7 минг долларга авиачипта сотиб олди. Лекин бу шляпанинг қандай ўзига хослиги борлигини маълум қилгани йўқ.

8. Леди Гага: руҳ ва арвоҳларни аниқловчи детектор (50 минг доллар)

Foto: Darpan

Леди Гага ўзини қандайдир Райан исмли арвоҳ таъқиб қилишига ишонади. Унга қарши кураш мақсадида, хонанда 50 минг долларга яқин ўртада руҳ ва арвоҳлар борлигини аниқловчи қандайдир «магнит майдони ўлчагич»ни сотиб олган. У шу қадар хурофотга берилганки, тунайдиган меҳмонхоналарини текшириш учун мунтазам равишда «арвоҳ овловчилар»ни ёллайди.

7. Николас Кейж: комикслар коллекцияси (1 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

Баъзи одамлар қандай қилиб суперқаҳрамонларга қизиқиб, комиксларни тўплаш мумкин, деб ҳайрон бўлади. Шу вақт уларга Николас Кейжни рўпара қилиш керак. Актёр 1 миллион долларга Супермен ҳақидаги комикслар коллекциясини сотиб олган. Кейинроқ шу коллекцияни 2,1 миллион долларга пуллаган.

6. Бейонсе: фургон (1 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

Бейонсе ҳомиладорлик вақтида бўлажак қизи Блю Айви учун катта харидларни амалга оширишга киришди. Масалан, у ҳашаматли Maybach автомобилини сотиб, ўрнига саккиз киши сиғадиган катта Mercedes фургонини сотиб олди. Фургон жуда қимматбаҳо — биргина овоз тизимининг ўзи 150 минг доллар туради. Бундан ташқари, бу машина DirectTV, Wi-Fi ва… ваннахонаси билан мақтана олади.

5. Селин Дион: ҳаво намлагич (2 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

Селин Дион ўзининг ёш ва мусаффо кўринишини сақлай олишига кўпчилик ҳайрон қолади. Балки бунинг сири хонанда 2 миллион долларга сотиб олган ҳаво намлагич билан боғлиқдир? Хабар беришларича, Селин Дион ўтган йили ҳам соғломлаштириш ва косметика ишлари ҳамда маҳсулотлари учун ақлбовар қилмас даражада кўп пул сарфлаган.

4. Майк Тайсон: ванна (2 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

Майк Тайсон 2004 йили, унинг банкрот бўлгани билан боғлиқ иш судда кўрилаётган вақтда, 2 миллион долларлик жакузига буюртма берган. У айни вақтда бадавлат спортчилардан бири бўлиши мумкин эди, бир неча йил ичида 400 миллион доллар пулни кўкка совуришга улгурган.

3. Ким Бейсингер: шаҳар (20 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

20 миллион долларга нималар қилса бўлади? Ўқиш пулини тўлаш, янги уй қуриш, янги машина сотиб олиб, умрнинг сўнгги лаҳзаларига қадар зориқмай яшаш мумкин. Актриса Ким Бейсингер эса шунча пулни Жоржия штатидаги Брайзелтон шаҳрини сотиб олиш учун сарфлади. 500 га яқин киши яшайдиган манзилгоҳдаги барча тижорий кўчмас мулк ва бир қатор хусусий уйлар энди Кимга тегишли.

2. Рэйчел Хантер: ит учун уйча (15 минг доллар)

Foto: “Interesno”

Янги зеландиялик актриса ва фотомодель Рэйчел Хантер немис овчаркаси зотига мансуб ўз итига кўриниши унча катта бўлмган уйга ўхшаш уйча сотиб олиш учун 15 минг доллар сарфлаган.

1. Дональд Трамп: олтин билан пардозланган хусусий самолёт (100 миллион доллар)

Foto: “Interesno”

Мазкур рўйхатда биринчи ўринни ўзининг ғалати ҳаракатлари ва баёнотлари билан танилган миллиардер Дональд Трамп эгаллаганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. У Microsoft асосчиларидан бири Пол Аллендан самолёт сотиб олиб, унинг салонини ўз дидига кўра олтин билан пардозлатиш учун 100 миллион доллардан ортиқ пул сарфлаган.


Манба: Daryo.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru