11:31 / 16.11.2016
18 879

Қовоқдан махсус рецептлар: ҳуснбузар, сепкил, куйишда ёрдам беради

Қовоқдан махсус рецептлар: ҳуснбузар, сепкил, куйишда ёрдам беради

Қовоқдан турли ажойиб таомлар, десертлар тайёрлаш мумкин. У организм учун кони фойдадир, витаминларнинг улкан заҳираси саналади. Қовоқда кўз муаммосига фойдали бўлган каротин моддаси сабзига қараганда беш баробар, мол жигарига қараганда уч марта кўпдир. У целлюлоза, минерал, кальций, калий, темир моддаси, оқсил ва углеводларга бой, қовоқда С, В1, В2, В5, Е витаминлари мавжуд.

Қон ҳосил бўлишида иштирок этадиган В6 витамини ҳам қовоқда бор. Қовоқни истеъмол қилиш баробарида сиз организмдаги ортиқча туз ва сувни жигарга салбий таъсир этмаган ҳолда чиқара оласиз. Шунинг учун ҳам, пешоб чиқиш тизими яллиғланганда, сурункали ич қотишда, уйқусизликда, асабийлашганда, буйрак етишмовчилигида қовоқ суви жуда фойдали. Уни яна нефрит, пиелонефрит касалликларида ейиш тавсия этилади. Шифокорлар юрак-қон томир касалликларига учраган, юқори қон босими билан юрадиган одамларга ҳам қовоқ ейишни тавсия этишади.

РЕЦЕПТЛАР:

Қовоқдан косметологияда ҳам унумли фойдаланишади.

·Агар юзингизда ҳуснбузарлар бўлса, бир бўлак қовоқ эти билан юзни артинг.

·Қовоқ қирғичнинг майда тишидан ўтказилади. Аралашма пахта устига ё докага солиниб, юзга қўйилади. Бу муолажа ҳафтада 2 марта қилиниши керак. У 15 дақиқа давомида ушлаб турилади. Умумий ниқоблар сони 20 та бўлиши мақсадга мувофиқ. У ҳамма тери турларига мос. У терини намлаб, тозалайди, шу билан бирга, витаминлаштирувчи ва озиқлантирувчи восита ҳамдир.

·Юз териси чиройли кўриниши учун қуйидаги ниқобни тайёрланг. 3 ош қошиқ қайнатилган қовоқ этига битта тухум сариғи, бир чой қошиқ асал қўшилади. Уни қўйишдан олдин юзни тайёрлаб олиш даркор. Бунинг учун юзга бир-икки дақиқа иссиқ компресс қўйинг. Ундан сўнг юз иссиқлиги пайтида қовоқли ниқобни сурасиз ва 15 дақиқадан сўнг у совуқ сувда ювиб ташланади.

·Ушбу ниқоб эса қуруқ юзга фойдали. Икки ош қошиқ пиширилган қовоқ 1 ош қошиқ ёғ (зайтун ёки бодом ёғи бўлса янаям яхши) билан аралаштирилиб, яхшилаб кўпиртирилади. Ниқоб юзга 20 дақиқа қўйилиб, кейин совуқ сувда чайиб ташланади.

·Юз шишганда фойда берадиган ниқоб: майда тўғралган қовоқ (2 ош қошиқ) озгина сув билан паст оловда қайнатилади. У 0,5 ош қошиқ асал билан аралаштирилади. Илиқлигида докага қўйилиб, юзга сурилади, устидан сочиқ ёпилади. 20 дақиқадан сўнг у совуқ сувда ювиб ташланади. Даволаш муолажаси 3 ёки 4 марта бўлиши даркор. Ниқоб кун аро қилинади.

·Юздаги доғ ва сепкилларни эса қайнатилган қовоқ бўлакларини суриш орқали йўқотиш мумкин.

·Ҳуснбузарлар, турли тошмалар, экзема ва куйишларда ҳам бўтқа ҳолига келтирилган қовоқ ёрдам бера олади.

МОҲИНАБОНУ тайёрлади

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қовоқдан махсус рецептлар: ҳуснбузар, сепкил, куйишда ёрдам беради