15:38 / 22.06.2017
113 824

Терлаш қандай касалликдан далолат беради?

Терлаш қандай касалликдан далолат беради?
Кун исий бошлаши билан баъзилар кўп терлашдан азият чекади. Терлаш тананинг маълум қисмларидагина рўй берса, гоҳида бутун жисмда кузатилади. Тананинг айрим аъзолари терлаши табиий ҳолат деб қаралса, бутун жисм терлаши айрим касалликлар белгиси ҳисобланади. Айни ҳолат тиббиётда гипергидроз деб номланиб, асосан 15-30 ёшдагилар орасида кўп учрайди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, терлаш эркакларга нисбатан аёлларда кўпроқ учрайди. Баъзан тери ажралиб чиқиши одатдагидан ўн мартагача кўпайиши мумкин. Бу асабий зўриқиш ёки стресс ҳолати натижасидир. Ҳаддан ташқари кўп терлаш бирламчи терлаш деб аталиб, бу касалликдан асосан уч фоизгача бўлган аҳоли азият чекади. Кўпинча болалик ва ўсмирлик даврида ўтиб кетади. Бу табиий ҳолат ва унга касаллик деб қарамаслик керак.

КЎПИНЧА
Юз, лаб ва бурун атрофида тер чиқиши одатда, кучли овқатлар ейиш, кофе, шоколад, алкоголли ичимликлар истеъмолидан сўнг рўй беради. Нейросифилис, паркинсон, инсульт каби неврологик касалликлар асорати сифатида ҳам юз соҳаси терлаши мумкин. Гипергидроз гоҳида эндокрин касалликлар белгиси сифатида ҳам намоён бўлади. Аслида, амалиётда кўп тери ажралиб чиқиши барча сурункали ва юқумли касалликларнинг белгиси сифатида эътироф этилади. Безгак, сил ва бруцеллёзда ҳам ҳаддан ортиқ терлаш алоҳида белги сифатида қайд этилади. Терлаш нохуш ҳолат, аммо у невроз, юқори қон босими, асаб касалликлари даракчисидир. Юрак билан боғлиқ касалликлардан огоҳ қилади.

ДОРИ НОТЎҒРИ ТАНЛАНСА...
Айрим ҳолларда дори воситаларининг ножўя таъсири ҳам кўп терлашга олиб келади. Бунда қабул қилинаётган препаратларнинг организмга нохуш таъсирини мутахассис шифокорга айтиш лозим.

ТЕРЛАШ ТУНДА КУЗАТИЛСА...
Қирқ ёшдан кейин туннинг иккинчи ярмида тана ҳароратининг тушиши билан кечадиган терлаш эса ўсимтали касалликлардан хабар беради. Шунингдек, тунда терлаш организмнинг турли аъзоларидаги микроблар юракка таъсир қилаётганини билдиради ва бу эндокардит деб аталади. Агар бу касалликдан ўз вақтида даволанмаса, ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келади. Эндокардитда терлаш билан бир қаторда нафас қисиши, умумий ҳолсизлик, чарчоқ, тери рангининг хиралашиши, сувсираш каби белгилар ҳам намоён бўлади.

ЭНДОКРИНОЛОГ ЁРДАМ БЕРИШИ МУМКИН
Агар кўп терласангиз, эндокринологга боринг. Унинг ташхиси сизни ортиқча қўрқувлардан халос этади. Қандли диабет, юқумли касалликлар бор-йўқлиги билан қизиқинг. Ортиқча вазн, қандли диабет билан оғриганлар даволаш чораларини кўришлари билан ортиқча терлаш муаммосидан ҳам халос бўладилар.

АСАБНИ АСРАНГ
Ўзига ишонмаслик, қўрқув аввалига кўп тери ажралишига, кейинчалик эса, касалликка сабаб бўлади. Шунинг учун руҳий зўриқсангиз ёки қўрқувни енга олмасангиз, яхшиси, бирор тинчлантирувчи дори тавсия этилади.

ИММУНИТЕТ ЗАИФЛАШСА...
Кўп терлаш иммунитет заифлиги ҳамда стресс қўзғатувчи ҳар қандай вазиятда келиб чиқади. Иммунитетни кучайтириш учун қарама-қарши, яъни, аввал илиқ, кейин совуқ сувда чўмилиш тавсия этилади. Шунингдек, маврак, эвкалипт ва қарағай мойларини бир томчидан қўшиб аралаштириб, чўмилиш учун фойдаланиладиган гелга қўшиб ишлатиш яхши самара беради. Бу аралашмали гелни бир кунда икки маҳал қўлланг.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА
Шифокорлар терлашга қарши воситалар: антпреспирант ва дезодарантларнинг зарарли томонлари ҳақида таъкидлаб, кўпроқ табиий воситалардан фойдаланишни маслаҳат беришади:
1. Чой бутаси дамламаси билан терининг терлаган қисмларини артиш лозим. Ушбу муолажани душ қабул қилгандан сўнг бир кунда икки маҳал бажаринг. Бу терлаш оқибатидаги нохуш ҳидларни кетказишга ва ундан батамом халос бўлишга ёрдам беради.
2. Мойчечак гулини қайнаган сувда дамлаб, 20 дақиқа тиндирилади. Ушбу аралашмага икки ош қошиқ лимон шарбати қўшамиз ва у билан тананинг терлайдиган қисмини артамиз. Аралашма иложи борича, бир кунлик тайёрланиши лозим. Шунингдек, ялпиз аралашмасидан ҳам худди шундай усулда фойдаланиш мумкин.

Манба: Dia.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Терлаш қандай касалликдан далолат беради?