17:00 / 01.02.2018
34 194

Пистанинг "фойдали" хусусиятлари...

Пистанинг "фойдали" хусусиятлари...
Писта инсонлар томонидан қадим замонлардан буён истеъмол қилиб келинади. Дунёда унинг жуда кўп турлари мавжуд. Писта айрим халқларда бойлик ва фаровонлик рамзи ҳам саналади.

Бугунги кунга келиб пистанинг фойдали хусусиятлари ҳақида кўплаб манбаалар яратилган. Табобат, қолаверса, замонавий тиббиёт томонидан писта соғлик ва гўзаллик учун муҳим неъмат эканлиги эътироф этилади.

Писта антиоксидантлар, фойдали ёғлар манбаидир. Шунингдек, унинг таркибида инсон организми учун фойдали озуқалар, оқсил, калций ва фосфор, асабларни тинчлантирувчи В ҳамда Е витаминлари мавжуддир. Айниқса, пистанинг қуйидаги фойдали хусусиятларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Юрак соғломлигини таъминлайди. Писта зарарли холестерин миқдорини камайтиради. Шунингдек, унинг антиоксидантларга бойлиги, таркибида А ва Е витаминларга эга эканлиги яллиғланишнинг олдини олиб, қон томирларини ҳимоя қилади, шу тариқа юрак-қон томирлари хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради.

Асабларни тинчлантиради. Писта таркибидаги В 6 витамини асаб тизимининг тўғри ишлашида муҳим роль ўйнайди. Ушбу витамини асаб толалари ўртасидаги импульсларнинг тўғри етказилишини таъминлайди, турли асаб бузилишлари, уйқусизлик, хотира билан боғлиқ муаммолар, ҳаттоки, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олади.

Кўз учун фойдали. Писта лютеин ва зеаксантинга эга. Улар кўз гавҳари ва тўр пардасининг марказий қисмида тўпланиб, уларнинг ҳимоя қобиғини мустаҳкамлайди ва кўз касалликларидан ҳимоя қилади.

Иммун тизимини мустаҳкамлайди. Пистани мунтазам истеъмол қилиш организмнинг ташқи таъсирларга қаршилигини оширади. Унда иммун тизими фаолияти учун муҳим саналган фолий кислотаси, биотин, рибофлавин, ниацин витаминлари ҳамда фосфор, калий ва магний каби минераллар мавжуд.

Терини ёшартириш хусусиятига эга. Писта Е витаминининг бой манбаси саналади. Мазкур витамин эса соғлом тери учун энг муҳим витаминлардан бири ҳисобланади. У терининг қуриши ва қариликда пайдо бўлувчи доғларнинг олдини олади. Ёз ойларида уни кўпроқ истеъмол қилиш зарур.

Моддалар алмашинувини яхшилайди. Писта таркибида бошқа ёнғоқ турларида бўлгани каби кўп ёғ мавжуд. Уни истеъмол қилишда ҳам меъёрдан ошиш ярамайди. Озуқавий толалари ҳисобига писта озишда ёрдам беради. У организмни узоқ вақт давомида тўқ тутади. Тўйинмаган ёғ кислоталари эса моддалар алмашинувини тартибга солади ва организмда ортиқча ёғ тўпланишининг олдини олади.

Камқонликда фойдали. Пистанинг таркибида кўп миқдорда темир моддаси мавжуд. Шунинг учун уни камқонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Минура БОЗОРОВА тайёрлади.

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Пистанинг "фойдали" хусусиятлари...