23:01 / 05.02.2018
12 501

Соғломлаштирувчи ва оздирувчи усул

Соғломлаштирувчи ва оздирувчи усул
Кўпинча кун давомида айнан тўлиқ уч марта эмас, балки оз-оздан бир неча марта тамадди қилиш фақат озиш учун фойдали, деб ҳисоблашади. Аммо бундай тартиб нафақат ортиқча вазндан қутулишга, балки организмни соғломлаштиришга ҳам ёрдам беради.

Кам-камдан тез-тез овқатланиш, яъни бўлиб овқатланиш — “парҳез” сўзининг синоними эмас. Бу — шунчаки тўғри овқатланиш одати. Унга амал қилсангиз, ўзингизни ёш ва кучга тўла ҳис қиласиз.

Қандай тартибни танлаган маъқул?

Бўлиб овқатланишнинг иккита тартиби мавжуд. Улардан қай бири сизга тўғри келиши олдингизга қўйган мақсадингизга боғлиқ.

Кунига 5-6 марта овқатланиш.
Бу тартибнинг шартлари бор: таом миқдори қўл кафти (ёки 1 стакан) ҳажмидан ошмаслиги, овқатланишлар ораси 4 соатни ташкил қилиши керак. Бу овқат ҳазм қилиш тизимини тартибга келтириш ва организмнинг соғлом ҳолатини сақлашни истаганлар учун тўғри келади. Бундай овқатланиш қоидаси ҳар қандай кун тартибига мос. Организмга тенг вақт оралиғида тушадиган калориялар миқдорининг тахминан бир хиллиги эвазига очлик ҳисси юзага келмайди.

Ҳар 2-3 соатда овқатланиш. Бу қоида кўпроқ айнан озишни истаганлар учун тўғри келади. Таом миқдори бир стакандан камроқ бўлишига қарамай, очликни сезмайсиз, чунки таомномани истаганингизча ўзгартиришингиз мумкин. Бир кунда 8-10 маҳал овқатланасиз. Бу усул мушак массасини сақлаб қолган ҳолда ортиқча ёғдан қутилишга ёрдам беради. Чунки ёғ овқатланишлар ораси 2,5 соатдан ошсагина йиғила бошлайди. Бу қоида организмни алдашга ёрдам беради. Озиш учун бўлиб овқатланишнинг фойдаси — калориялар миқдорини чеклашнинг ҳожати йўқлигида. Озиш ошқозоннинг табиий кичрайиши, ҳазм қилиш тизимининг соғломлашиши ва организм заҳарланишининг камайиши эвазига амалга ошади.

Бўлиб овқатланишнинг қайси тартибини танлашингиздан қатъи назар, очлик организмнинг кўп таом ейиш эмас, балки қувват заҳирасини тўлдириш ҳақидаги белгиси эканлигини тезда англайсиз.

Таомнома тузамиз
Овқатланиш тартибидаги ўзгаришлар яхши фойда бериши учун таомномани тўғри тузиш муҳим. Бунда, масалан, гўшт ва балиқ бошқа маҳсулотлардан узоқроқ вақтда ҳазм бўлиши, ундан кейинги ўринда эса тухум, сут маҳсулотлари, дуккаклилар, крахмалли сабзавотлар, нон ва ёрмалар туриши каби жиҳатларни эътиборга олиш зарур. Янги сабзавотлар ва мевалар, ёнғоқлар тез ҳазм бўлиб, дарҳол ўзлаштирилади.

Таомномани тузишда бўлиб овқатланиш тамойилларини ҳам эътиборга олиш лозим. Шунда маҳсулотлар таркибидаги озуқавий моддаларни организм янада яхшироқ ўзлаштиради.

Бўлиб овқатланишда энг қийини — бу таом миқдорини камайтириш. Таомни шошмасдан, яхшилаб чайнаб, секин енг. Уни чайнаб бўлгунингизча, мия тўйганлик ҳақидаги хабарни олиб улгуради.

Натижа

Соғлом ичак. Бўлиб овқатланиш тартибига амал қилганда ичак микрофлораси соғломлашади, чириш жараёнларни тўхтайди, қабзият йўқолади ва организм тозаланади, чунки унинг заҳарланиши тўхтайди.

Фаоллик ошади. Очлик ҳиссининг йўқолиши ва ўзингизни фойдали тамаддилар билан хурсанд қилиш имконияти туфайли фаоллигингиз ошади. Мазали таом сератонин (бахт гормони)нинг ишлаб чиқарилишини тезлаштиради. Натижада ғамгинлик, қон босими ва қондаги қанд даржасининг ошиши йўқолади. Фақат яхши кайфият ва ғайратингиз ошиши кузатилади.

Моддалар алмашинуви яхшиланади. Ҳаддан ташқари кўп овқатланиш натижасида ўзингизни оғир, ланж сезасиз, жиғилдон қайнаши безовта қилади, ишчанлигингиз пасаяди. Бўлиб овқатланишга ўтгач, сиз улар ҳақида унутасиз. Бундан ташқари, метаболизм яхшиланади ва қондаги қанд миқдори меъёрига келади. Овқатланишнинг бу усули кўпроқ ошқозон яллиғланиши ёки бошқа ошқозон-ичак йўли касалликларидан азият чекувчилар учун фойдали.

Келишган қомат. Озуқавий моддалар тўлиқ ўзлаштирилади, заҳарли моддалар эса тезроқ чиқиб кетади. Бунда танангиз ҳеч қандай зиқликсиз хушбичим ва ихчам кўринишга эга бўлади. Бундан ташқари, бўлиб овқатланишдан кейин одатдагидек овқатланишга қайтишингиз мумкин ва бу ортиқча вазнга олиб келмайди, чунки бўлиб овқатланишдаги озиш — табиий жараён.

Овқат ҳазм қилиш тизимига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга аҳамият беринг. Зарарли одатлардан воз кечинг, қомати келишган, соғлом ва гўзал инсонга айланинг!
ЖАСУР тайёрлади.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Соғломлаштирувчи ва оздирувчи усул