11:56 / 04.12.2018
7 329

Ўзбекистонда халқ табобати бўйича янги низом тасдиқланади

Ўзбекистонда халқ табобати бўйича янги низом тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, халқ табобатининг эътироф этилган усулларига қуйидаги гуруҳлар киради:

Биринчи гуруҳ – инвазив (тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ)
усулларни қўлловчи ҳалқ табобати: акупунктура, су-джок терапия, хижома.
Иккинчи гуруҳ – ноинвазив усулларни қўлловчи ҳалқ табобати:
мануал терапия, акупрессура.
Учинчи гуруҳ – биологик инвазив воситаларни қўлловчи халқ табобати: гомеопатия, гирудотерапия, апитерапия.
Тўртинчи гуруҳ – парҳез ва ўсимлик воситаларини қўлловчи халқ табобати: фитотерапия, очлик билан даволаш.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан амалга ошириладиган тиббий фаолият шифокорлар ва халқ табобати бўйича мутахассислар томонидан Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси асосида, амалга оширилади.

Замонавий тиббиёт усуллари билан тиббий ёрдамни кўрсатишга белгиланган талаблар, халқ табобати усулларини қўллаш билан тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча (комплементар) усул сифатида маслаҳатлар бериш, диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация шаклида тегишли амбулатория ва стационар турдаги тиббий ташкилотларда амалга оширилади.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар барча тиббиёт ташкилотларида, жумладан давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида замонавий тиббиёт билан ўзаро комплементар ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.

Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан халқ табобати бўйича ихтисослашувдан ўтган ёки тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилган махсус халқ табобати усуллари бўйича курсларни тугатган шифокорлар ҳамда одам анатомияси, физиологияси, фармакология, лаборатория ва инструментал диагностика, шунингдек биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий кўникмалари бўйича махсус ўқув курсини тугатган шахслар шуғулланишлари мумкин.

Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун шахсларнинг тиббиёт уқув муассасаларида ташкил этилган махсус ўқув курсларини ўташлари мақсадга мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида белгиланади.

Халқ табобати усуллари билан даволашнинг мақсадга мувофиқлигини белгилашда халқ табобати мутахассисининг шифокор билан ўзаро ҳамкорлиги мажбурий шарт ҳисобланади. Бунда, маслаҳат, диагностика ва даволашнинг замонавий ёки халқ табобати усулларидан бирини танлаш ҳуқуқи беморда бўлади.

Тиббиёт ташкилотларида беморларни халқ табобати мутахассислари томонидан қабул қилиш шифокор кўригидан сўнг амалга оширилади. Болалар ва ҳомиладор аёлларга халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш учун педиатр ёки гинеколог шифокорининг хулосаси талаб этилади.

Ўтказилган кўрик ва текширувлардан сўнг шифокор беморнинг амбулатор картасига ёки касаллик тарихига, шунингдек беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасига ташхис ва тавсиялари тўғрисидаги, шу жумладан халқ табобати усулларини қўллаш бўйича ёзувини киритади.

Халқ табобати усулларини қўллашга қарши кўрсатмалар мавжуд бўлган тақдирда, шифокор бемор амбулатор карта ёки касаллик тарихига ушбу усулларни қўллаш оқибатида бўлиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида беморга маълумот беради, бемор эса маълумот олганлигини тиббий ҳужжатларга имзо қўйиш билан тасдиқлайди. Мазкур ёзув беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасида ҳам қайд этилади.

Халқ табобати мутахассиси беморнинг амбулатор картаси ёки касаллик тарихига халқ табобати усуллари билан ўтказилган муолажалар тўғрисида ёзув киритади.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан тиббий хизматлар кўрсатиш тиббий фаолиятда қўллаш учун рухсат этилган халқ табобати усуллари рўйхати асосида амалга оширилади.

Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади.

Халқ табобати усуллари билан тиббий хизматлар кўрсатишда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун белгиланган талаб, бу уларда тиббиёт ўқув юртларида махсус курсни тугатганликларини тасдиқловчи сертификатнинг мавжудлиги ҳисобланади.

Халқ табобати ихтисослигини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ўзбекистонда халқ табобати бўйича янги низом тасдиқланади