Дунёдаги энг йирик вокзал қурилишида роботлар армиясидан фойдаланилди

Хитой дунёдаги энг йирик темир йўл вокзалини бор-йўғи 38 ой ичида қуриб битказиш учун роботлар армиясини ишга солди. Гап мамлакатнинг ғарбий қисмидаги юқори тезликдаги поездлар учун мўлжалланган энг йирик тугун — Чунсинг шарқий вокзали ҳақида бормоқда. Лойиҳанинг кўлами ва футуристик кўриниши ҳатто Elon Muskни ҳам ҳайратда қолдирди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Elon Musk ўзининг ижтимоий тармоғида ушбу мегапроект ҳақидаги видеони эълон қилиб, уни "келажакка очилган дарча" деб атади. Умумий майдони қарийб 1,22 миллион квадрат метрни ташкил этувчи супервокзал минтақа транспорт тизимининг асосий бўғини ҳисобланади. Бундай улкан иншоотнинг қисқа муддатда барпо этилиши халқаро тажрибадаги ўн йиллаб давом этадиган қурилишлардан кескин фарқ қилади.
Мураккаб табиий шароитлар — тоғли релеф, кесишган жойлар ва ёзда 40°К дан ошадиган иссиқ анъанавий қурилиш усулларини самарасиз қилиб қўйди. Ушбу тўсиқларни енгиб ўтиш учун пудратчилар экстремал муҳитда юқори аниқлик ва барқарорлик билан ишлай оладиган автоматлаштирилган технологияларга таянишди.
Пойдевор тайёрлаш босқичида лазерли сатҳ ўлчагичлар, лидарлар, сунъий интеллект ва 5G алоқаси билан жиҳозланган роботлаштирилган тизимлар қўлланилди. Бу бетон юзаларнинг текислигини миллиметргача аниқликда назорат қилиш, иш тезлигини 3-5 баравар ошириш ва меҳнат сарфини 40 фоизга қисқартириш имконини берди.
Бундан ташқари, 800 кг гача юк кўтарадиган шиша фасадларни ўрнатувчи роботлар, автоматик пайвандлаш тизимлари ва 24 соатлик назорат датчиклари ишлатилди. Бундай жиҳозлаш нафақат унумдорликни оширди, балки баландликда ишловчи ишчилар учун хавфларни камайтириб, оғир иқлим шароитида барқарор сифатни таъминлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!