17:27 / 04.09.2018
51 500

Қон қуюқ бўлса, юрак тез чарчайди

Қон қуюқ бўлса, юрак тез чарчайди
Қон — ҳаётбахш суюқлик, у одамнинг юрак-қон томир тизими бўйлаб оқиб, бутун танани, аъзо ва тўқималарни кислород ҳамда озиқ-моддалар билан таъминлайди. Инсон организмидаги барча жараёнлар қон ёрдамида амалга ошади. Қон инфекцияларга қарши курашади, моддалар алмашинувидан ортган чиқиндиларни ташқарига ҳайдашга ҳисса қўшади.

Қон плазма ва шаклли элементлар: эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитлардан таркиб топган. Қоннинг ранги эритроцитлар таркибидаги гемоглобин ҳисобига қизил бўлади. Лейкоцитлар иммунитет «лашкар»ларидир. Улар бизни турли микроблардан ҳимоя қилади. Тромбоцитлар эса жароҳатдан кўп қон кетмаслиги учун қон ивишига жавоб беради. Айнан тромбоцитлар қон қуюқлигига таъсир кўрсатувчи элементлардир.

Қуюқ қон томирларда жуда секин оқади ва касалликка сабаб бўлади. Чунки бунда тўқималарга керакли озиқ моддалар етиб бормайди ва танадаги ортиқча иллатлар чиқиб кетолмайди. Бундан ташқари, ўта қуюқ қонни ҳайдашда юрак ҳам тез чарчаб қолади.

Қон айланиш тизими худди дарёга ўхшайди. Дарё ва унинг ирмоқларида сув тўлиб оқса, уларни тўсиб бўлмайди. Лекин дарё суви камайса ёки балчиқ аралашса, ирмоқлардаги ҳаракат ҳам секинлашади. Қон қуюқлашганда ҳам шундай ҳолат содир бўлади.

Кексалик, организмда сув етишмовчилиги, овқат ҳазм қилиш тизимидаги сурункали хасталиклар, дисбактериоз, тўлақонли овқатланмаслик, сифатсиз овқат, фермент етишмаслиги, турли замбуруғ, вирус ва бактериялар, кучли зўриқиш, стресс, алкоголь, тамаки, камҳаракатлилик, ифлосланган ҳаво ва ўта иссиқ иқлим қон қуюлишига олиб келувчи асосий сабаблардандир.

ҚОН ҚУЮҚЛАШГАНЛИГИ АЛОМАТЛАРИ

Қон қуюқлашиши одам организмидаги ҳар қандай аъзо ва тизимга жиддий зиён етказиши мумкин. Чунки қуюқ қон ҳужайраларга кислород ва озиқ моддаларни керакли миқдорда етказиб бера олмайди, натижада зарарли газларни организмдан итариб чиқаролмайди. Бунинг оқибатида яширин касалликлар юзага чиқиши ва янгилари пайдо бўлиши мумкин.

Қони қуюқ кишиларда умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, уйқучанлик, тез-тез бош оғриши, қўл ва оёқлар совуқ бўлиши, жимирлаши, паришонхотирлик, депрессия, оғиз қуриши каби аломатлар сезилади. Булардан ташқари, юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши, тирноқ шакли ўзгариши, онг карахтлиги кабилар ҳам кузатилади. Мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳам содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Тадқиқотларда аниқланишича, қон қуюқлашишига олиб келувчи асосий сабаблардан бири кам сув ичиш экан. Бу қабзиятга, кам пешобга чиқишга сабаб бўлади. Натижада ортиқча моддалар ташқарига чиқиб кетмасдан, қонга сўрилиб, унинг таркибини янада айнитади.

Шунинг учун шифокорлар иложи борича кўпроқ сув ичишни маслаҳат беришади. Соғлом одам кунига камида 2 литр (ёзда 3 литр) сув ичиши зарур.

Қон қуюлишининг олдини олишда махсус овқатланиш тартибига амал қилиш ва табиий дамламалардан ташқари, ичиш-чекишдан чекланиш, фаол ҳаракатда бўлиш жуда муҳим ўрин тутади. Иложи борича, кўпроқ пиёда юриш ва эрталаблари тоза ҳавода бадантарбия қилиш ҳам яхши самара беради.

Қон қуюқ бўлганда кишига биронта яққол белги сезилмайди. Шунинг учун ҳар йили 1-2 марта қоннинг умумий таҳлили, қон ивиш даражаси ҳамда қон томирлар ҳолатини текширтириб туриш керак.

Агар таҳлил топширганда қон қуюқлиги аниқланса, тезроқ бунинг сабабини билиш лозим. Негаки қон қуюқлиги алоҳида касаллик ҳисобланмай, қандайдир касалликнинг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, қон қуюқлиги қон босими кўтарилишига, тромб ҳосил бўлишига, кейинчалик инфаркт ва инсультга олиб келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Қон қуюқлашишини даволашда етарли миқдорда сув ичиш, қонни суюлтирувчи маҳсулотларни истеъмол қилиш энг қулай усул ҳисобланади. Айрим ҳолларда, масалан, кексаларда қон қуюқлашганда таркибида аспирин бўлган дорилар қабул қилинади. Бу тавсияни шифокор беради.

Қовурилган таомлар қон қуюлишига олиб келади. Шунинг учун, асосан, димлаб, қайнатиб ва буғда тайёрланган егуликларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Табиий ва безарар тарзда қонни суюлтириш учун қуйидаги маҳсулотларни таомнома таркибига киритиш тавсия этилади:

- ёғсиз гўштлар: мол, товуқ, курка гўшти;
- помидор, лавлаги, бодринг;
- денгиз карами, балиқ;
- олма, гилос, анор, анжир, тут мевалари;
- цитрус мевалар: лимон, грейпфурт, киви;
- занжабил, долчин, саримсоқ, сельдерей, қалампир ва пиёз;
- кунгабоқар пистаси, барча ёнғоқ турлари;
- ўсимлик мойлари: кунгабоқар, зайтун, зиғир мойи ва бошқалар;
- узум, олхўри мевалари ҳамда қоқиси, майизи;
- таомга қўшиладиган зираворлар: зарчава (куркума), зирк (тимян), занжабил (имбирь), долчин (корица), ялпиз (мята).

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қон қуюқ бўлса, юрак тез чарчайди