19:13 / 28.06.2020
3 867

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган шифокор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган шифокор вафот этди
Тошкентдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори А.У. 2020 йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, фаолияти давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган шифокор 23 июнь куни аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.

26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи Ўзбекистондаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

«Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади ССВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 20 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этганди. Эндиликда ўлим ҳолатлари сони 21 тага етди. Июнь ойида 6 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йил 28 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 7813 (+88) нафарни ташкил этгани хабар берилганди. Касалликдан фориғ бўлганлар сони 5248 (+8) нафарни ташкил этмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда коронавирусга чалинган шифокор вафот этди