10:50 / 29.06.2020
6 074

Ғарбни яксон қилмоқчи бўлган СССР раҳбарининг ўғли АҚШда вафот этди

Ғарбни яксон қилмоқчи бўлган СССР раҳбарининг ўғли АҚШда вафот этди
Фото: AFP
СССР раҳбари Никита Хрушчёвнинг ўғли Сергей Хрушчёв АҚШнинг Род-Айленд штатидаги уйида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Штат соғлиқни сақлаш бошқармаси ўлим сабабини очиқлади: Сергей Никитич бошидан ўқ еб вафот этган!

Полиция ҳисоботига кўра, мазкур ўлим ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилмаган. Демак, бу ўринда ўз жонига қасд қилиш ёки бахтсиз ҳодиса рўй берганини тахмин қилиш мумкин. Марҳумнинг рафиқаси Валентина Голенко эри ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарни рад этишга уринган.

Сергей Хрушчёв 1935 йили Москва шаҳрида, коммунистик партия арбоби Никита Хрушчёв оиласида туғилган. Энергетика институтини тамомлаб, ракетасозлик саноатида конструктор сифатида фаолият юритган. Отаси раҳбарлиги даврида (1963) Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Сир эмас, айнан Н. Хрушчёв саркотиблиги йилларида (1953-1964) СССР ҳамда АҚШ ўртасида совуқ уруш кучайган эди. Сергей Никитич отаси бош котибликдан четлатилгач, электрон бошқарув машиналари институтида фаолият юритган. 1991 йили қизил империя парчаланиши ортидан АҚШга йўл олган.

Никита Хрушчёв ўз даврида Ғарбни яксон қилиш билан таҳдид қилган эди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, вақт ўтиб унинг ўғли биринчи рақамли ғаним давлат саналмиш АҚШ фуқаролигини олди ва у ерда муқим яшаб қолди. Кўп йиллар Браун университетида маърузалар ўқиди.

Маърузаларидан бирида у отасининг Ғарбнинг йўқ қилиш ҳақида пўписасини СССРнинг заифлигини яшириш йўлидаги уриниш деб изоҳлаган. Саркотибнинг ўғли, шунингдек, замонавий Россиянинг АҚШ билан рақобатчилик борасидаги даъволарига ҳам ишончсизлик билан қараган.

Эслатиб ўтамиз, шўро доҳийларидан Сталиннинг қизи Светлана Аллилуева ҳам отаси вафотидан кейин 1967 йилда АҚШдан сиёсий бошпана сўраган. Узоқ йиллар океанортида умргузаронлик қилган аёл 2011 йилда Висконсин штатидаги қариялар уйида вафот этган.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғарбни яксон қилмоқчи бўлган СССР раҳбарининг ўғли АҚШда вафот этди