19:00 / 11.10.2020
3 775

«Лойиҳамиз емаган сомсасига пул тўлаяпти» — Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» фильми атрофидаги тушунмовчилик ҳақида

«Лойиҳамиз емаган сомсасига пул тўлаяпти» — Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» фильми атрофидаги тушунмовчилик ҳақида
Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» фильми атрофидаги гап-сўзлар, хусусан «Ўзбеккино» мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани юзасидан муносабат билдирди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги атрофида бўлаётган жанжаллар, можароларга тезроқ барҳам бериш керак. Матбуот таниқли ва истеъдодли режиссёрларимиз фарёдидан тинмаяпти. Гўёки улар дод соляпти-ку, лекин уларни ҳеч ким эшитмаётгандек.

Уларнинг ўзаро тушунмовчиликлари туфайли қандайдир жиноий ишлар очилган ва бунга умуман алоқаси йўқ бизнинг «Мендирман Жалолиддин» лойиҳамиз ҳам қўшилиб қолди. Ваҳоланки, тақдимоти бўлиб ўтган ушбу сериалга на «Ўзбеккино» алоқадор ва на давлат бюджети маблағлари.

Тушунишимча, аввал «Ўзбеккино» бу фильмни суратга олмоқчи бўлган ва маҳаллий компанияга буюртма берган, лекин улар эплай олмаганми, келиша олмаганми, билмадим, факт – лойиҳа бажарилмади. Мен «Ўзбеккино» ва Бош прокуратуранинг кечаги хабарларидан шуни тушундим.

Энди кимдир шу лойиҳани амалга оширди, меҳнат қилди. Давлат бюджетдан бир сўм ҳам ишлатмади, ҳомийлар жалб қилинди, энг профессионаллар ишлади. Энг асосийси, зўр лойиҳа бўлди. Лекин энди емаган сомсасига пул тўлаяпти.

Шунақа гаплардан кейин ким ҳам бундай лойиҳаларга қўл ургиси келади? Бир томондан чет эл сериалларини томоша қилиб, қачон ўзимизникилар юқори сифатли тарихий кино, сериаллар ишлар экан, деб дийдиё қиламиз. Биров ишлайман деса, номи қолмай, актёри қолмай ҳар тарафдан тошбўрон қиламиз», – дейди Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккино» миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилган. Айбланувчилар кимлиги очиқланмаган, улар жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда гумонланмоқда.

Бош прокуратура ахборотига кўра, «Ўзбеккино» 2018 йил июнида «Best organaizer» МЧЖ билан «Менман Жалолиддин» номли фильм ишлаш ҳақида дастлабки шартнома тузиб, олдиндан аванс сифатида 533 млн сўм тўлаган. Лекин кейинчалик бу фильмни суратга олиш ишлари «Мендирман Жалолиддин» номи билан, туркиялик ҳамкорлар билан олиб борилгани, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилгани сабабли, агентлик ажратган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.

Маълум қилинишича, 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган «Мендирман, Жалолиддин» фильмини ишлаб чиқарган шахсларнинг жиноят ишига алоқаси йўқ.

Шу йил апрель ойида ўзбек киносига алоқадор жами 109 киши «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазирга шикоят киритган эди. Шикоятни имзолаганлар қаторида ҳатто агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, «Республика кинофонди» директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдухалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар ҳам бор эди.

Сентябрь ойида эса таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов ҳам Фирдавс Абдухолиқов устидан президентга мурожаат билан чиқди. Агентлик эса айбловларни рад этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Лойиҳамиз емаган сомсасига пул тўлаяпти» — Алламжонов «Мендирман Жалолиддин» фильми атрофидаги тушунмовчилик ҳақида