Scania келажак шаҳар автобусини тажрибадан ўтказмоқда

  • Авто
  • 22-12-2016, 23:45
  • 802
  • Scania келажак шаҳар автобусини тажрибадан ўтказмоқда

    Швециянинг Сёдертелье шаҳри транспортига симсиз (индукцион) зарядланувчи гибрид автобус қўшилди. У бекатларда қувват олади.

    Бу технология кескин иқлим шароитида биринчи марта синовдан ўтмоқда. Қувватланиш тартиби оддий: автобус асфальтдаги зарядловчи элемент устида тўхтайди ва автоматик тарзда аккумуляторини тўйдиради.

    Индукцион тизим шаҳар муҳитини ўзгартирмайди ва умуман сезилмайди. 10 кмни босиш учун 7 дақиқа заряд олиш етарлидир.

    “Бу Scaniaнинг шаҳар транспорти барқарор тизимини топиш йўлидаги бир қанча лойиҳаларидан биридир. Биз шаҳарлардаги талабни ўрганиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилувчи муқобил ёнилғи турида, шунингдек, электрлаштириш технологиясида ишлайдиган, экологик, тезкор, хавфсиз ва тежамкор тизим яратиш устида ишлаяпмиз”, деди Scaniaнинг шаҳар экологик хавфсизлиги бўйича қарорлар чиқариш бўлими бошлиғи Андерс Грундстрёмер.

    Компаниядагилар шаҳар жамоат транспортини электрлаштириш турли технология ва ечимлар талаб қилишини қайд этади. Хусусан, гибрид ва электробуслар автотураргоҳда, бекатда ёки йўл-йўлакай зарядланади.

    Сёдертелье шаҳрида “Скания” синаётган автобуснинг аккумуляторлари иш вақтида, тормозланиш вақтида, ички ёнув двигатели ҳисобига ҳам зарядлана олади.