22:50 / 26.06.2017
5 577

Нега автосаноатимиз ўз аравасини ўзи тортолмай, ҳукумат ёрдами билан судралиб келмоқда?

Нега автосаноатимиз ўз аравасини ўзи тортолмай, ҳукумат ёрдами билан судралиб келмоқда?
Ўтган ойнинг ўрталарида «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган барча турдаги автомобиллар миллий валютамиз — сўмда сотилиши ҳақида хабар тарқалган, ойнинг охирида бу борада давлатимиз раҳбарининг қарори эълон қилинган эди. Рости, ушбу янгиликни одамлар хурсандчилик билан кутиб олди. Иккинчи томондан, бу пулимиздаги «Ўзбекистон сўми республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» деган қоиданинг ҳам ижроси томон қўйилган муҳим қадам эди.

Юқоридаги тахмин билан айни бир вақтда 1 июлдан бошлаб корхона автоуловларининг нархи кўтариларкан деган гап ҳам пайдо бўлганди. Бу гап-сўзларни «GM Uzbekistan» АЖ ҳозиржавоблик билан рад этди. Бироқ 1 июнь куни тушдан сўнг корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг янги нархи эълон қилинди. Компания аслида аҳоли ва мижозлардан ҳақиқатни сир тутган. Шу каби хабарлар пайдо бўлганида, компания томонидан «кейинги вақтда компания ишлаб чиқараётган автомобиллар нархининг ошиши хусусидаги гап-сўзларга жавобан айтишимиз мумкинки, ҳозирча ушбу масала юзасидан қатъий қарорга келингани йўқ. Бу борада ўзгариш бўлса, жамоатчиликка маълум қилинади» дейилса, олам гулистон-ку. Лекин бундай йўл тутилмади.

Автомобилсозлик ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди. Қайси давлатнинг автосаноати ривожланган бўлса, иқтисодиёти ҳам тараққий этган бўлади. Бунга Япония, Германия, Жанубий Корея каби мамлакатларни мисол сифатида келтириш мумкин. Шундай экан, мустақилликнинг илк йилларида автомобилсозлик саноатимизга асос солиниши мамлакатимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири бўлди.

Хуллас, «GM Uzbekistan» АЖ заводларида ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг нархи ошди. Ва ҳар ҳафта ошишда давом этаяпти. Нархлардаги бу каби ўзгаришлар харидорларни карахт аҳволга солиб қўймоқда. Негаки, уларнинг муайян моделдаги уловни сотиб олиш учун жамғариб қўйган маблағи янги нарх олдида ҳеч нарса бўлмай қолаяпти. Нархларнинг АҚШ долларига боғлаб қўйилганига кўпчилик ҳайрон, бундай механизм жорий этилгани сабабини билолмай бошлари қотган.

Одатда, йирик ишлаб чиқарувчилар маҳсулот нархи ўзгарганда ёки фаолиятида муҳим ўзгаришлар юз берганда, бу ҳақда халққа маълум қилиб, изоҳ ёки тушунтириш берадилар. Бу жаҳон амалиётида кенг қўлланадиган тажриба. «GM Uzbekistan» мутасаддилари эса нарх-наво кескин кўтарилгани, унинг хориж валютаси курсига боғлиқ экани хусусида чурқ этганларича йўқ. Гўё асосий масаладан эътиборни чалғитиш учун ОАВда машина олиш учун навбатда турганлар ҳолатни онлайн кузатиш имконига эга бўлгани, дилерлар «шапка» сўраса, бу ҳақда «ишонч телефони»га хабар беришлари тўғрисидаги эълонларни ҳавола этаяпти.

Маълумки, 2014 йилгача, яъни Ғарб давлатлари айрим сиёсий масалалардаги зиддият туфайли Россияга нисбатан санкциялар жорий этгунига қадар ушбу давлатга бориб меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳар йили Ўзбекистонга 5-6 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ юбориб турардилар. Бу рақамларда фақатгина банклараро расмий пул ўтказмалари акс этган. Агар хориж давлатларидан пул ўтказишнинг ноқонуний, «Вестерн юнион» ва «Мигом»лардан ҳам тез ишлайдиган усули мавжудлигини инобатга олсак, мамлакатимизга яна шунча пул келиб турган ва уларнинг ҳаммаси қанча бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Не бахтки, экспорт масаласида кўпам иши юришмай турган «GM Uzbekistan» учун ҳам бу ажойиб имконият бўлди: ички бозорда энг харидоргир бўлган автомашиналарни жисмоний шахсларга фақат валютада — АҚШ долларида сотиш тартибини жорий этди. Аслида бу шармандали қарор эди. Қолаверса, у шундай айёрона ишлаб чиқилган эдики, бу ҳақда батафсил тўхталсак, гапимиз анча чўзилиб кетади. Ички бозорда долларга сотилиши йўлга қўйилган машиналар нисбатан арзон ва камхарж бўлиб, асосан ўртамиёна харидорлар томонидан харид қилинар, уларнинг даромади эса сўмда эди. Ахир барча оилада ҳам Россияга бориб ишловчи йўқ эди-да.

Асосан Россия ва Қозоғистонга (бошқа давлатларга қилинаётган экспорт ҳажми жуда ҳам кам) арзон автоуловлар етказиш тарзида экспорт билан шуғулланиб келаётган «GM Uzbekistan»нинг ҳам 2014 йилдан сўнг аҳволи мураккаблаша бошлади. Боз устига экспортга тўсиқ бўладиган бошқа омиллар ҳам пайдо бўлди. Энди автомобилларимиз учун ушбу мамлакатларда харидор топиш осон эмасди. Бу ҳолат ҳамон давом этиб келаяпти. Мисол учун, яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, «GM Uzbekistan» АЖ автомобилларининг биронтаси Россияда жорий йилнинг май ойида энг кўп сотилган автомашиналар йигирма бешталигидан ўрин ололмади. Рости, корхона ташқи бозорда фақатгина ушбу икки давлатга боғланиб қолганди. Бундай ҳол қачондир юз бериши маълум бўлса-да, компаниядагилар янги бозор қидириш ишларига жуда кеч киришишди. Ўтган йилларда компания автомобиллари Яқин Шарқ ва Африка давлатларида сотилиши учун ҳаракатлар бошлаб юборилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Афсуски, бу борада ҳозиргача эришилган натижалар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Фақатгина, «GM Uzbekistan»нинг сайтидан билдикки, жорий йилни компания ўзи учун экспорт салоҳиятини ошириш йили деб эълон қилибди. Биз, албатта, бу йўналишдаги ишларга омад тилаймиз.

Мамлакатимизда автомобилсозлик саноатига 1996 йили, яъни 21 йил илгари асос солинган. Бу оз муддат эмас. Шунча вақт мобайнида автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг кўпчилиги жаҳон бозорида етакчиларга айланиб улгурган. Хўш, нега автосаноатимиз ўз аравасини ўзи тортолмай, ҳукумат ёрдами билан судралиб келмоқда? Давлат ўз кунингни ўзинг кўр деган куни бу корхона кунини кўрадигандек…

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, жумладан, миллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш тажрибаси кўп давлатда қўлланган. Ҳатто дунё автосаноати гигантларидан бири бўлган АҚШда ҳам 1980-йиллар охирида хориж автомобилларига нисбатан чекловлар жорий қилинган. Бундан кўзда тутилган мақсад ички бозорда япон автомобиллари ҳукмронлик қилишининг олдини олиш ва мамлакат автомобилсозларини қўллаб-қувватлаш бўлган. Лекин бу ҳол узоқ давом этмади. Бу тартиб амалда бўлган даврда америкалик автомобилсозлар қадларини тутиб олишди.

Мамлакатимизда «GM Uzbekistan»га ҳам шундай имконият яратилган. Уни қўллаб-қувватлаш учун шундай тартиб ва механизмлар жорий этилдики, бунинг оқибатида мазкур компания ички бозорда ўзини сувдаги балиқдек эркин ҳис этиб, якка монополистга айланди. Бунинг оқибатида оддий харидорлар, яъни истеъмолчиларнинг танлаш ҳуқуқи ниҳоятда чекланиб қолди. Жуда қимматга тушиши боис хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналарни харид қилиш қийин бўлиб қолди. Бу, бир тарафдан, «GM Uzbekistan» учун яхши имконият эди. Харидорга кўнглига келган тарзда маҳсулот таклиф қилиш бошланди, автомобилларнинг нархи эса бу орада осмонга сапчиб кетди. Мисол учун, 2000-йилларда «Нексия» русумидаги автоулов тахминан 5 млн. сўм турган бўлса, 2016 йили унинг баҳоси салкам 45 млн. сўмга яқинлашиб қолди. Тўғри, бу орада кўп нарса қимматлади, инфляция деганлари ҳам бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Лекин таҳлил қиладиган бўлсак, автомашиналардан ташқари (кўчмас мулклар ҳисобга олингани йўқ) бошқа бирон маҳсулот бу даражада қимматлашгани йўқ.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Энди хорижда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар юртимизга келтирилганда расмийлаштириш харажатларини қисқартириш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Бундан давлатга асло зарар етмайди, аксинча, кўпроқ фойда бўлади. Мисол учун, ҳозир чет элдан автомобиллар кам келтирилаяпти ва ундирилаётган бож миқдори ҳам шунга яраша, бордию машиналарни расмийлаштириш харажатлари 50 фоиз қисқартирилган тақдирда ҳам хориждан машина олиб келиш суръати кўпаяди ва шунга мос равишда давлат ғазнасига тушаётган бож миқдори ортади. Бундан чет элда ишлаб чиқарилаётган автоуловларга қўйилган чекловдан кимга зарар, кимга фойда экани кўриниб турибди.

Аслида 32 млн. аҳолиси бўлган давлат учун битта автозавод камлик қилади. Масалан, аҳолиси бизнинг мамлакатникининг ярмига тенг Европанинг баъзи давлатларида икки-учтадан автозавод бор ва улар кучли рақобат шароитида фаолият кўрсатиб келмоқда. Хабарингиз бор, Жиззахда франциялик автосанотчилар билан ҳамкорликда янги завод қуриш ишлари бошлаб юборилган. Бу ерда ишлаб чиқариладиган тижорат ва йўловчи ташишга мўлжалланган енгил автомобиллар ҳар жиҳатдан юртдошларимизга маъқул келиши табиий.

Асакадаги «ЎзДЭУавто» автомобиль заводининг очилиш маросимида янги корхонага юқори баҳо берилган, унда халқимиз эҳтиёжи учун ҳаммабоп ва ҳамёнбоп енгил автомобиллар ишлаб чиқарилиши, бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилиши ҳисобига уларнинг таннархи ҳам арзон бўлиши ҳақида гапирилганди. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Тўғри, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича бирмунча ишлар қилинди. Лекин бу борадаги ишлар етарли эмаслигини бугун кўриб турибмиз.

Хўш, миллий автомобиль ишлаб чиқарувчимизнинг стратегияси нимадан иборат? Маркетинг соҳасидаги ишлари-чи? Нега яққол натижалар кўринмайди? Нега автомобиль моделларини такомиллаштириш, дунё бозорида харидоргир бўлган моделларни ишлаб чиқариш сусткашлик билан амалга оширилмоқда? Мисол учун, 2009 йилги «Нексия» билан 2015 йилги «Нексия»нинг ўртасида деярли фарқ йўқ. Салкам етти йил мобайнида бу моделдаги машинанинг на ички интерьери, на ташқи дизайни ўзгартирилган. Бу орада ушбу тоифада рақобатчи бўлган хориж компанияларининг моделлари шу даражада ўзгардики, ҳатто уларнинг икки йил илгаригиси ва ҳозиргиси орасида ер билан осмонча фарқ бор. «Дамас»нинг эса 1996 йилдан буён фақат тумшуғини бироз чўзиб, ёритиш чироқларини ўзгартиришган, холос. 20 йилдан буён бу машинада бошқа ўзгариш кўзга ташланмайди. Энди айтинг-чи, шу йўл билан ташқи бозорга чиқиб бўладими? 20 йил аввал ишланган машинани ички бозордан ташқари кимга таклиф қила оламиз?!

Шу ўринда дилерлар орқали автомобиль харид қилиш учун тузиладиган шартнома ҳақида ҳам айрим мулоҳазаларни билдириб ўтиш жоиз. Бундан бир неча йил муқаддам муайян моделдаги уловни сотиб олиш истагидаги харидор олдиндан унинг 85 фоизини тўлаб қўяр ва бир неча йил давомида орзуси амалга ошишини интизорлик билан кутарди. Энди бу муддат бирмунча қисқарган, баъзида бир ойга бормасдан, айрим ҳолларда эса олти ой ичида машинали бўлиш мумкин. Бу, бир томондан, яхши… Тўғриси, яхши деб ҳам оғизни тўлдириб айтолмаймиз. Чунки бу ҳам катта муддат!

Ишлаб чиқарувчи, маҳсулот етказиб берувчи билан харидор ўртасида тузиладиган шартноманинг бугунги кунда кенг тарқалган икки тури мавжуд бўлиб, биринчи ҳолатда харидор маҳсулот пулини олдиндан тўлиқ тўлаб, тез кунда товарни олиши мумкин. Иккинчисида эса маҳсулот қийматининг 15 фоизи олдиндан тўланади ва маҳсулот қабул қилиб олингандан кейин асосий — 85 фоизлик тўлов амалга оширилади. Автосалонларимизда эса бу тартиб бир четга суриб қўйилган. Контрактация шартномасига кўра автомобиль қийматининг 85 фоизини олдиндан тўлайсиз, тамом-вассалом! Қани бунда мижоз манфаати, унинг ҳуқуқлари ҳимояси?

Ҳозир банклар қисқа муддатли, яъни бир, икки ва уч ойлик омонатларни таклиф этишмоқда. Агар мижоз автомобиль хариди учун олдиндан тўлаб қўйган маблағини шундай омонатларга қўйса, яхшигина даромад олиши бор гап.

Мамлакатимизда аҳолига автомобиль етказиб беришдаги бундай тартиб-таомиллар айрим омилларга кўра мажбурий чора сифатида қўлланаётгани ҳақида фикр билдирувчилар ҳам бор. Бўлса бордир, лекин оддий одамларда нима айб? Нега автомобиль харид қилишда ҳамон мураккаб ва аҳолининг асабини қақшатадиган тартиблар сақланиб қолаяпти? Нега шундай иш тутишга сабаб бўлаётган ҳолатлар бир неча ўн йилдан бери давом этиб келаяпти-ю, бу муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмаган? Аҳволни ўнглаш учун нега таклиф берилмаган? Ташаббус, изланишлар қани? Тизимдаги мутасаддилар нега қўл қовуштириб ўтиришди шу пайтгача?

Шу кунларда «GM Uzbekistan» Қозоғистонда «Равон» русумли автомобилни ишлаб чиқариш учун қозоқ автосаноатчилари билан ҳамкорлик қила бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу автосаноатимизнинг ютуғи, албатта. Ишлаб чиқарувчилар бу турдаги машинани харид қилганларга қатор афзалликлар, жумладан, имтиёзли кредитлар таклиф этиш ниятида. Лекин масаланинг бошқа жиҳати бор. Нима учун мамлакатимизда бундай тартибни қўллаш мумкин эмас, нега ўзбекистонлик харидорларга бундай имтиёзлар жорий этилмайди?

«GM Uzbekistan» АЖ автомобилларининг нархлари осмонга сапчиб кетганига жавобан ижтимоий тармоқларда айрим юртдошларимиз бу корхона маҳсулотларини харид қилмасликка чақирмоқда. Бу хатарли йўл, асло бундай қилиб бўлмайди. Негаки, бу ҳаракат ушбу корхона ва унинг тизимида меҳнат қилаётган минглаб ишчининг маошсиз қолишига, иш ўринлари қисқаришига ва охир-оқибат заводнинг касодга учрашига олиб келади. Шундай экан, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўймаслик керак.

2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди. Одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Барча даражадаги раҳбарлар аҳоли, оддий одамлар билан мулоқотга киришиб, уларнинг дардларини тинглаяпти, муаммоларини ҳал этиш йўлларини қидираяпти. Бу жараёндан «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси, хусусан, «GM Uzbekistan» акциядорлик жамияти мутасаддилари ҳам четда қолмаслиги ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишлари, уларнинг таклиф-истакларини инобатга олишлари шарт.

Ифтихор Ғуломов
“Истеъмол маданияти” газетаси, 21.06.2017 сонидан олинди.

Манба: Tafsilot.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Нега автосаноатимиз ўз аравасини ўзи тортолмай, ҳукумат ёрдами билан судралиб келмоқда?