Самарқанд автобозорида савдо ҳажми пасайиб кетди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Самарқанд автобозорида савдо ҳажми пасайиб кетди

Авто 9-09-2015, 16:34 8 617
Самарқанд автобозорида савдо ҳажми пасайиб кетди

Охирги бир неча ой мобайнида Самарқанд автомобиль бозорида савдолар ҳажми сезиларли даражада қисқариб кетди. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашрига асосланиб Kun.uz хабар берди.

“Мароқанд автомобиль бозори” МЧЖ дирекцияси вакилларининг сўзларига қараганда, бугунги кунда бозорга сотиш учун 600-650 машина олиб келинади. Бир неча ой муқаддам бу кўрсаткич 800-850 донага тенг эди.
Дилерларнинг таъкидлашича эса, иккиламчи машина бозоридаги олди-сотди шартномалари сони бугунги кунда 80-90тани ташкил қилмоқда. Ўтган йил охирида бу кўрсаткич 120-150тадан иборат эди.

Шу билан бирга, сотувчиларнинг таъкидлашича, машиналарнинг нархи ҳам кескин тушиб кетган. Энг арзон машиналар Tico ва “Жигули” бўлиб, ўртача 7 млн сўмга баҳоланмоқда. Ундан кейинги ўриндаги Matiz машиналарининг нархи 20 млн сўмгача боради.

Spark, Nexia ва Lacetti эса энг харидоргир машиналар бўлиб қолмоқда. Шу боис уларнинг нархлари ҳам барқарор турибди. Жумладан, Spark русумли уловлар ўртача 37.5 млн сўмга сотилмоқда. Nexia’нинг ўртача нархи 28.5 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Lacetti ва Cobalt русумли машиналарнинг нархи эса, техник аҳволи, чиққан йили ва бошқа кўрсаткичларига қараб 29 млн сўмдан 67 млн сўмгача бормоқда.

Мароқанд автомобиль бозори Самарқанд шаҳридан 6 км нарида жойлашган бўлиб, вилоятдаги ягона иккиламчи машина бозори ҳисобланади. У ҳар якшанба куни ишлайди.
loading...


Zamin.uz нинг Twitter’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.