09:05 / 21.02.2018
69 133

Банклардан қандай қилиб "Автокредит" олиш мумкин?

Банклардан қандай қилиб "Автокредит" олиш мумкин?
Банкларнинг эндиликда автомобиль сотиб олиш учун кредит бериши аҳоли ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиш билан бирга кўпчиликни қувонтирди ҳам. Банк орқали таклиф этилаётган бу хизматнинг талаблари ва шартлари қандайлиги борасида мутахассис жавоблари билан қизиқдик.

Кимларга ажратилади?
Фуқароларнинг автомобиль сотиб олиш учун кредит жорий қилиш юзасидан билдирган таклифларини инобатга олган ҳолда, “GM Uzbekistan” расмий дилерларидан пул кўчириш йўли билан автомобилларни харид қилиш учун “Автокредит” истеъмол кредити жорий қилинди.

Автокредит Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган янги автомобилларни автосалонлардан харид қилиш учун жисмоний ва юридик шахсларга ажратилади.

Ойлик тўлови қанча бўлади?
Автокредитнинг ойлик тўлови автомашина нархи ва имтиёзли даврга боғлиқ. Масалан, автосалондан 64 616 255 сўмлик “Spark” автомобилини харид қилмоқчисиз. Гаров депозити, яъни автомобиль нархининг 30 фоизи — 19 384 877 сўм омонат гарови қатнашганини инобатга олсак, кредит асосий қарз тўловларидан 6 ой имтиёзли давр билан 4 муддатга ажратилади. Мижоз томонидан 6 ой давомида жами 64 616 255 сўмдан йиллик 20 фоиз ҳисобланса, ўртача 1 097 590 сўмни ташкил этади. Шунингдек, мижоз томонидан топширган 19 384 877 сўм омонатга йиллик 11 фоиз ҳисобланса, ўртача 181 000 сўм тўғридан-тўғри кредит фоизига қопланади. Ўртадаги фарқ 916 590 сўмдан 6 ой давомида тўлаб борилади. Асосий қарздан имтиёзли давр 7-ойда тугаб, 1 076 938 сўм асосий фоиз билан биргаликда 916 590 сўм қўшилиб, ўртача 1 ойлик тўлов 1 993 528 сўмни ташкил этади. Банк томонидан кредит фоизлар кредит қолдиғига нисбатан ҳисобланади. Асосий қарз камайганда тўланадиган фоиз миқдори ҳам камайиб боради.

Автомобилни сотиб олиш шартномаси “GM Uzbekistan” расмий дилерлари томонидан берилади.

Яна қандай тўловлар мавжуд?
50 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача бериладиган кредитлар энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ)нинг 5 баробари, 80-120 млн — ЭКИҲнинг 7 баробари, 120-150 млн – ЭКИҲнинг 9 баробари, 150 миллиондан – ЭКИҲнинг 10 баробари миқдорида комиссия белгиланган. Автомашина кредит даврига тўлиқ суғурта қилинади. Суғурта тўлови ўртача 1 фоизни ташкил этади.

Кафиллик талаб қилинадими?
Ажратиладиган кредит миқдоридан келиб чиққан ҳолда кредит олувчининг иш ҳақи кредит бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади. Мисол учун, ойлик иш ҳақи ўртача 3-4 миллион сўм, ажратиладиган кредитнинг асосий қарз ва фоиз тўловлари 1,5-2 миллион сўмни ташкил қилса, кафиллик талаб қилинмайди;

Иш ҳақи 2-3 миллион бўлиб, кредит қайтариш суммаси 4-5 миллион сўм бўлса, қўшимча кафиллик олинади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Кредит олувчидан:

1. Маҳалладан яшаш жойи тўғрисида маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);
2. Иш жойидан лавозими ва охирги бир йиллик даромади тўғрисида маълумотнома;
3. Паспорт нусхаси;
4. Меҳнат дафтарчаси нусхаси;
5. Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (ИНПС);
6. СТИР (ИНН) нусхаси;
7. Автомашина суммасининг 30 фоизи миқдорида омонат гарови;
8. “GM Uzbekistan” расмий дилери билан тузилган олди-сотди шартномаси каби ҳужжатлар талаб қилинади.

Кафил шахсдан эса қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

1. Маҳалладан яшаш жойи тўғрисида маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);
2. Иш жойидан лавозими ва охирги бир йиллик даромади тўғрисида маълумотнома;
3. Паспорт нусхаси;
4. Меҳнат дафтарчаси нусхаси;
5. Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (ИНПС);
6. СТИР (ИНН) нусхаси.

Автокредитнинг асосий шартлари
  • Гаров депозити — автомобиль нархидан 30 фоиз; (тўлов тури исталган шаклда, омонатга йиллик 11 фоиз ҳисоблаб кредитга йўналтирилади)
  • Кредит муддати — 4 йилгача;
  • Кредит фоизи — йиллик 20 фоиз.

Жўрабек ЎРОҚОВ,
“Алоқабанк”нинг бош офиси
Жисмоний шахсларни кредитлаш бошқармаси бошлиғи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Банклардан қандай қилиб "Автокредит" олиш мумкин?