20:20 / 02.07.2018
9 338

Танқид ва таҳлил: Бизга ўзи GM Uzbekistan заводи керакми?

Танқид ва таҳлил: Бизга ўзи GM Uzbekistan заводи керакми?
Монополист мавқеидаги эскирган русумларни ишлаб чиқарувчилар “стратегик”, “иқтисод учун устувор” каби шиорлар ортига беркинишлари жуда узоқ чўзилди, деб ёзмоқда carzone.uz сайти.

Кўп сонли интернет-форумларда на автосаноат, на автомобилларга алоқадор бўлган ва умуман бефарқ бўлмаган фуқаролар ўртасида шиддатли баҳс-мунозаралар кетмоқда. Муҳокама мавзуи фақатгина GM Uzbekistan ишлаб чиқарувчи автомобилларнинг сифати эмас, балки сони, шубҳали “шапка”лар ва навбатлардир. Қолаверса, ишлаб чиқарилувчи автомобилларнинг линейкаси ҳам омма диққатини тортмоқда.

Аммо кўпгина муҳим ва асосли масалалар эътибордан четда қолмоқда. Ўзбекистонга автозавод керакми ўзи? Бу энг асосий ва жиддий савол бўлиб, ушбу мақолада жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Кўплар GM конвейеридан автомобиллар чиқарилишини оғиз тўлдириб “завод” дея аташади, бироқ бу тушунчанинг маъносини билишмайди.

Станиславскийнинг иборасига кўра театр кийим илгичдан бошланса, унда завод аслида конструкторлик бюросидан бошланади.

Дадил айтиш мумкинки, мустақилликнинг 25 йиллик даврида тўлақонли заводни бунёд этмадик. Конвейерли ва йирик узелли ишлаб чиқариш маънавий ва техник жиҳатдан эскирган, бошқа мамлакатлар заводидан чиқариб ташланган русумлар асосида амалга оширилди.

Заводнинг рақобатбардошлиги ҳақида гапириш умуман ортиқча. Бўлмаса, заводни рақобатчиларининг маҳсулотларидан ҳимояловчи протекционистик божларни нима билан изоҳлаш мумкин?

Сунъий танқисликни қандай тушунтириш мумкин? Советнинг энг яхши даврларидагидек автомобилга навбатни нима билан изоҳлаш мумкин? Чиқариладиган автомобилларнинг ночоргина ва ғариб линейкаси, шунингдек, қониқарсиз бутловчи қисмларини нима билан тушунтирса бўлади? Нима сабабдан мижоз машинага чанқоқ ва машинанинг нархи осмон баравар бўлиб турганда завод ишчилари арзимаган маош олади? Нима учун миллий автомобилларимиз маҳаллий бозорда эмас, четга юборилгани арзонроқ туради? (Бу ҳақда автострада.уз сайти нархларни қиёслаб, батафсил мақола эълон қилганига ярим йил бўлди, бироқ аҳвол ўзгаргани йўқ).

Бу ва бошқа саволлар жавобсиз қолиб кетмоқда. Афсуски, заводнинг “тўғонбошида” турганлар собиқ советча эски гигантизм касалига чалинган бўлиб, ўйламасдан ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш қувватини оширишга зўр берган.

Аммо шунда ҳам ички талабни қондира олишмаган. 70-80 йилларда Европадаги улкан завод бўлган АвтоВАЗни эсланг. Бугун у бир жойда қотиб қолган.

Бизда ҳам шундай. Ишлаб чиқариш ва қайта ишлаб чиқариш ўсаётгани ҳақида зафарли хитоблар автомобилларга навбат ва астрономик нархлардаги коррупция акс этган ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатига дуч келмоқда.

Дарҳақиқат, нохуш ҳолат юзага келган. Президент Шавкат Мирзиёев “Бу завод номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ”, деб бекорга айтмади.

Нима қилмоқ керак? XIX асрдаги рус мумтоз адабиётининг саволи Ўзбекистоннинг автомобиль саноатида бугун ҳам долзарб.

Ечим йўқ эмас. Завод керак. Аммо айнан истеҳзоли қўштирноқ ичидаги “завод” эмас. 25 йил мобайнида биз ўзбек дизайнер ва конструкторлари ишлаб чиққан, бизнинг қувватимиз ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган материаллар асосида бирорта ҳам чинакам ўзбекча автомобиль йиғмадик.

Бизга ўзбек автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод керак. Бунинг имконияти бор. Бошқа мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ёки чиқариш тўхтатилган автомобиллардан нусха кўчириш бу боши берк йўлдир.

Дейлик, Европада Volkswagen Polo йил автомобили бўлди. Шундан кейин уни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга қарор қилдик. Бир йил музокаралар ва ҳужжатларни имзолашга, 2 йил йиғувчи конвейерни қуришга кетди ва уч йилдан сўнг биз маънавий ва техник жиҳатдан эскирган русумни ишлаб чиқардик. Чунки биз Volkswagen Poloни ишлаб чиқарган вақтимизда Европада йил автомобили, масалан, Renault Megan бўлади.

Тарихга назар солайлик, йирик автомобиль салтанатлари қандай вужудга келганди? Генри Форд ўз автомобилини омборхонада йиққан. Энзо Феррари ҳам ишни камтарона устахонадан бошлаганди. Бунга мисоллар талайгина.

Эътирозларни тасаввур қиляпман: буларнинг бари узоқ ўтмиш ва ўтган асрга хос бўлса, велосипедни бошқатдан яратишнинг нима кераги бор? Эътироз билдирувчиларга фан-техниканинг бошқа соҳаларидан мисол келтираман. Яқин ўтмишдаги Билл Гейтс ва Стив Жобснинг салтанати йўқдан бино бўлган, аниқроғи эски гаражда бошланган.

Тадбиркорларнинг кучи ёрдамида оз сонли автомобиль ишлаб чиқаришдан бошласак, совет давридан бери онгимизга чуқур илдиз отган “гигантизм касаллиги”га барҳам бера оламиз. Яъни “гигантизм касаллиги” маркетинг рискини ҳисобга олмасдан ишлаб чиқариш қувватини оширишга зўр беришда намоён бўлади.

Талабнинг тушиб кетиши ва экспорт сусайиши ҳақида сўз очганда айтиш керакки, Ғарбда давлат автозаводлари йўқ. GM, Volkswagen ва бошқалар гигантлардир, бироқ улар хусусий ва йўқдан бино бўлган компаниялардир.

Давлат автозаводининг турғунликка юз тутиши эгаси ва бош акционери бўлмиш давлатга тўғридан-тўғри зарар келтиради. Хусусий тадбиркорларнинг кам серияли ишлаб чиқариш корхонаси зарар кўрганда ҳам бу давлат чўнтагига хавф солмайди.

Давлат ҳиссасини камайтириш ва хусусийлаштириш, шунингдек, янада либераллаштириш жараёнлари автосаноатга ҳам тегишли бўлмоғи лозим. Монополист мавқеидаги эскирган русумларни ишлаб чиқарувчилар “стратегик”, “иқтисод учун усутувор” каби шиорлар ортига беркинишлари жуда узоқ чўзилди.

Афсуски, тижорий корхона сиёсий тус олди. “Автомобиль ишлаб чиқарувчи давлат” бўлиш ёки шундай кўриниш истаги коррупция, порахўрлик ва давлат монополизми ҳамда нархларнинг ғайритабиий равишда ўсиши билан боғлиқ қурбонликларни талаб қилди.

Божхона сиёсатидаги ички ишлаб чиқарувчини қўллашга қаратилган протекционизм маҳаллий автосаноат маҳсулотлари сифатига салбий таъсир кўрсатди. Сифат асосий мезон бўлмай қолди.

Барибир сотиб оладиган бўлса, тер тўкишнинг нима кераги бор? Бунинг устига “шапка” ҳам беришади. Биз ҳаммамиз “автомобиль ишлаб чиқарувчи давлат” деган ном учун жуда катта пул тўлаб қўйдик. Бу соҳада либераллаштириш ва рақобатчилик муҳитини шакллантириш вақти келди. Буларни давлат ихтиёридан чиқариш ва хусусийлаштиришсиз уддалаб бўлмайди. Айнан кам серияли хусусий ишлаб чиқариш Ўзбекистоннинг автомобиль бозорини тўлдиради, мукаммаллаштиради ва турфалаштиради.

Давлат янги маҳаллий русумлар устида ишлаш ва ишлаб чиқариш учун шарт-шароит яратиб бериши керак. Шарт-шароит яратиши ва назорат функциясинигина қолдириб... бошқа аралашмаслиги лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Танқид ва таҳлил: Бизга ўзи GM Uzbekistan заводи керакми?