Ўзбекистонда янги "Milliy" (MTV) телеканали ишга туширилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистонда янги "Milliy" (MTV) телеканали ишга туширилади

Маданият 10-07-2016, 23:33 2 715
Ўзбекистонда янги "Milliy" (MTV) телеканали ишга туширилади

Pomidor Entertainment медиакомпанияси тез орада «Milliy» номли янги телеканалнинг ишга туширилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда "Kun.uz" хабар берди."Milliy" (MTV) телеканалида ўзбек ва хориж юлдузларининг оммабоп клиплари, эксклюзив кўнгилочар дастурлар, ток-шоулар, хит-парадлар, концертлар, юқори сифатли бадиий фильмлар ҳамда миллий ва чет эл сериаллари намойиш этилиши режалаштирилган.

Канал ротациясида ҳар қандай ёш ва дид соҳиблари учун қўшиқлар тақдим этилади. Бундан ташқари, MTV’нинг дастурлар жадвалидан илмий-оммабоп кўрсатувлар ҳам ўрин олади.

Янги телеканал ҳозирда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан № 0732\сонли ОАВ давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан телекўрсатувларни тарқатиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун АА №0005808 серияли лицензияни олган.

Телеканал яқин кунларда тест режимида эфирга узатилади. Трансляция кабелли ва эфирли усулда бўлиб, у Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатади.Айни пайтда барча зарур тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.