Асал Шодиева «Биз иккимиз ёлғиз қолганда…» » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Асал Шодиева «Биз иккимиз ёлғиз қолганда…»

  • Маданият
  • 21-11-2016, 23:55
  • 2 195
  • Асал Шодиева «Биз иккимиз ёлғиз қолганда…»

    Авваллари муҳаббат тарихи ҳақида гапиришни истамаган Асал Шодиева "Даракчи" нашрига Шоҳруҳхон билан танишувлари ҳақида сўзлаб берди.

    — Асал, тўйни шу қадар сир тутдингларки, жуда оз фурсат қолгандагина хабар топдик…

    — Чунки, бу бизнинг ўртамиздаги туйғулар, орзулар ва ният эди. Шунинг учун ҳам уни бегоналардан асраб- авайладик. Ўша кун келганда эса бахтли кунимизни кўпчилик билан баҳам кўрдик. Менимча ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди.

    — Бир-бирингизга узукка кўз қўйгандек моссизлар. Севги тарихингизни ҳам эшитишни истардик. Тўйгача бу ҳақда гапиришни истамадингиз балки энди гапириб берарсиз?

    — Ўзингизга яхши маълумки, биз ҳамкасбмиз, ижодкормиз. Турли тадбирларда кўришиб турардик. Шундан бошланган…

    — Шоҳрух турмушга чиқиш таклифини қай тарзда билдирган?

    — Ҳамкасб, дўст бўлиб юрдик. Ишонасизми, оила қуриш таклифини ўзбекона урф-одатларимизга кўра совчилар келгандагина билганман.

    — У айнан сиз кутган инсон эканини қандай сезгансиз?

    — Шоҳрух ака, мен учун идеал даражадаги инсон. Очиғини айтсам, у инсонни тўлиқ англаб етмаганман. Ўзига яраша сирли феъл-атворга эга. Ҳар қандай вазиятда суянишим, ишонишим мумкин. Баъзида менга нотўғридек туйилган қарорлари ҳам охир-оқибат энг тўғри йўл эканлигини гувоҳи бўлганман. Шунинг учун ҳам ҳар бир қарорига ҳурмат билан муносабат билдираман.

    — Сизларни кўрганлар “иккаласи ҳам оғир-босиқ, қандай тил топишишди экан” деб ўйлашади…

    — Биз иккимиз ёлғиз қолганда, умуман бошқа одамга айланамиз. Гапдан тинмаймиз. Кулгули воқеаларни гапириб, кулишиб, хуллас, сира зерикмаймиз.