Актёр Стивен Сигал Путиндан орзу қилган нарсасини олди

  • Маданият
  • 26-11-2016, 07:23
  • 915
  • Актёр Стивен Сигал Путиндан орзу қилган нарсасини олди

    Россия президенти Владимир Путин америкалик актёр Стивен Сигалга Россия паспортини ўз қўллари билан топширди. Путин актёрга нисбатан кўрсатилган "бу кичик эътибор" давлатлараро муносабатларни яхшилашга имкон беришини айтди. Бу ҳақда Кун нашри хабар бермоқда.

    "Мен сизни табриклайман ва бу кичик бўлса-да эътибор бизнинг давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишининг аломати бўлиши мумкинлигига умид билдираман", деб айтган Путин.

    Путин актёрга паспортнинг тақдим қилиниши "мутлақ сиёсатга алоқаси йўқ бўлган" қадам эканлигини айтган. Путиннинг фикрича, Россия паспорти актёрга россиялик дўстлари билан мулоқот қилишини енгиллаштиради ва унинг профессионал режаларини амалга оширишида ёрдам беради. Сигал шу муносабат билан айтган нутқида Кремлда шахсан Путин билан учрашиш у учун катта шараф эканлигини айтган.

    Путин Сигалнинг илтимосига кўра актёрга берилган Россия паспортининг биринчи бетига ўз дастхатини қўйиб берди. Сигал эса унга русчада "Катта раҳмат" дея миннатдорчилик билдирган.
    Сигал Россия паспортини олмоқчи эканлигини 2016 йил сентябрда Россияда ўтган "Край света" халқаро кинофестивали вақтида маълум қилган. Бундан ташқари, Сигалнинг отаси томондан бобоси Россияда туғилган ва 20-асрнинг биринчи ярмида АҚШга миграция қилган.