20:49 / 27.11.2016
8 683

Агар Рухшонанинг ўғирлик қилгани фош бўлса…

Агар Рухшонанинг ўғирлик қилгани фош бўлса…

Барчага яхши таниш бўлган эстрада юлдузи Рухшона Маткаримова ўзбек санъатида ўз ўрни ва кўплаб муxлисларига эга. Яқинда иккинчи бор она бўлиш бахтига эришган хонанда санъат пиллапоясида бир зумга ҳам тўxтагани йўқ. Аксинча, чин инсоний бахт қуршовида унинг ижод олами ҳам кенгайиб бормоқда. Рухшонанинг protoday.uz сайти ижодкорлари билан самимий суҳбатидан баҳраманд бўлинг:

—Ассалому алайкум. Сарҳисоб қилиб кўрсак, санъат соҳасига кириб келганингизга анча бўлибди. Шунча йиллик фаолиятингиз сизга нималарни ўргатди?

— Ассалому алайкум. Аввало, саволингиз учун раҳмат. Ҳақиқатдан ҳам санъатга кириб келганимга ҳам етти йилдан ошиб қолибди. Менга бу соҳа профессионалликка интилиш, кўнглимдаги барча-барча туйғуларни қўшиқ орқали куйлашни ўргатди. Авваллари санъат соҳасида дўстлик бўлмайди, дейишарди. Бу нотўғри, аксинча, санъатда ҳамма бир-бирига дўст, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бу кўзбўямачилик эмас. Санъат менга кўп вафоли, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнимда турадиган дўстлар берди. Бу соҳага кириб келганимдан афсусланмайман, афсусланмаганман ҳам.

—Ижодингиздан, асосан, қувноқ, позитив руҳдаги қўшиқлар жой олган. Жиддий ёки маъюс қўшиқлар куйлаш ниятингиз борми?

—Репертуаримда маъюс қўшиқларим ҳам бор, лекин уларга клип суратга олмаганмиз. Мана яқинда, “Ёқадиму” номли янги таронамизни муҳлисларга тақдим этдик. Яқин кунларда унга клип суратга олмоқчимиз. Менимча бу қўшиғим репертуаримдаги бошқа қўшиқлардан ажралиб туради. “Ёқадиму” кўпчиликка маъқул келди, деб ўйлайман.

—Сизнингча, хонанда оммага эргашиши керакми, яъни халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб ижод қилиши керакми ёки оммани эргаштириши керакми?

—Менимча, санъаткор дилидагини куйлаши керак. Шундагина омма сизга эргашади. Одамларнинг дардини, ичидаги қувончу қайғусини ҳам, ҳаммасини қўшиқ орқали куйлаши керак, деб ўйлайман. Юракдан яратилган қўшиқгина ўз муҳлисига эга бўлади.

—Хонандалик фаолиятидан ташқари яна қандай фаолиятнинг уддасидан чиқа олган бўлардингиз?

—Менимча, санъатдан ташқари болалар билан боғлиқ соҳада ишлай олган бўлардим. Хоҳ у болалар учун кийим яратиш бўлсин, хоҳ вокал, рақс бўйича дарс бериш бўлсин ёки бирор фандан дарс беришми, умуман, болалар билан боғлиқ мавзулар менга жуда яқин.

—Оила, фарзанд, уй юмушларидан ташқари турли тадбирларга, ижод қилишга ҳам вақт топасиз. Китоб мутолаа қилишгачи?

— (Кулиб) Ҳозир менинг “меню”имдан болалар китоблари жой олган. Ҳозир ҳам қизим билан “Фермада ҳайвонлар қандай гапиришади” (“Как говорят животные на ферме”) деган китобни ўқиётган эдик. Асосан, болалар китобларини ўқияпман, қизимга ўқиб беряпман, ичидаги ҳайвонларни кўрсатяпман, умуман китоб билан таништиряпмиз. “Китоб – бу дўст”, деб ўргатяпмиз. Худо хоҳласа, қизим ҳам ақлли, эсли-ҳушли бўлиб, кўп китоблар ўқийди.

—Ижодингиздаги бирор қўшиқни ижро этганингиздан афсусланган пайтингиз бўлганми?

—Йўқ, афсусланган пайтларим бўлмаган, менимча, бўлмайди ҳам. Ахир, ижодкор қўшиқни ўзи яхши кўриб куйлайдику. Шунинг учун ижодкорда бундай афсусланиш бўлмайди деб ўйлайман.

—Тасаввур қилинг, янги клип суратга олиб, муҳлисларингиз эътиборига ҳавола этгач, унинг хориж клипидан айнан кўчирилганини билиб қолдингиз. Бу ҳолда қандай йўл тутасиз?

—Менимча, менда бундан буён бундай ҳолат бўлмайди. Биласиз, турмуш ўртоғим Санжар Маткаримов клипмейкерлар. Ўзлари шу пайтгача ғоя ўғирламаганлар. Менинг масаламга келсак, доим ўзлари ҳам сценарийларни ёзиб, ҳам актёрларни танлайдилар, доим ишнинг тепасида турадилар. Плагиатга оилавий жуда қаршимиз. Шунинг учун мен бундай вазиятга тушмасам керак.

—2016 йилда ҳаётингизда содир бўлган энг қувончли воқеа?

—2016 йил мен учун энг бахтли йиллардан бири. 2014 йилдан бошласак, шу йили турмуш қурдик. 2015 йили қиз фарзандли бўлдик. 2016 йили ўғил фарзандли бўлдик. Худога беҳисоб шукур, энг бахтли инсонлардан бириман десам адашмайман. Мана шу уч йил ичида ҳар бир инсон учун муҳим бўлган энг катта бахтга эга бўлдим. Бизни ўқиётган барча йигит-қизлар, барча юртдошларимизга бундан ҳам чиройли бахтни тилаб қоламан.

—Ижодингизда қандай янгиликлар кутилмоқда?

—Боя айтганимдек, янги “Ёқадиму” таронасига ишланган клипни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳамда яқинда янги телелойиҳа ҳам тақдим этмоқчимиз. Бундан ташқари муҳлисларимиз учун янги видеоклип, янги қўшиқлар кетма кетлигини тайёрлаяпмиз. Ҳозирча янгиликлар фақат шулардан иборат.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Агар Рухшонанинг ўғирлик қилгани фош бўлса…