Мирзабек Ҳолмедов: “Мени ўлдига чиқарганларга айтар гапим бор” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Мирзабек Ҳолмедов: “Мени ўлдига чиқарганларга айтар гапим бор”

Маданият 29-11-2016, 22:02 1 837
Мирзабек Ҳолмедов: “Мени ўлдига чиқарганларга айтар гапим бор”

Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда таниқли сўз устаси Мирзабек Ҳолмедовнинг юрак хуружи туфайли вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

“Мирзабек Ҳолмедов кутилмаганда юз берган юрак хуружи оқибатида бугун соат 16:50 да шифохонада ҳаётдан кўз юмди”, дейилади номаълум шахслар тарқатган хабарда.

Отаси ҳақидаги айни хабарлардан ғазабланган Улуғбек Ҳолмедов ўзининг Instagram’даги саҳифасида ушбу хабарлар ёлғон эканини айтди.

“Яқин соатларда телеграм мессенжерида тарқалган хунук хабарга эътибор берманглар. Бу ёлғон! Хабар тарқалгач, ҳатто, уйимизгача одамлар келди. Шу хабарни тарқатаётган одамни ўзининг ҳам ота-онаси бордир...”

Албатта, Улуғбек Ҳолмедовнинг ранжиши, табиий. Ўз отаси ҳақидаги ёқимсиз, бунинг устига ёлғон хабарни эшитган инсоннинг фикри бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Албатта, ижтимоий тармоқларда Мирзабек Ҳолмедов ҳақидаги ушбу хабарларнинг ёлғонлиги тасдиқлагани борасидаги мақолалар чоп этилди. Бироқ, сўз устасининг мухлислари унинг ўзидан бирор фикр эшитиш истагида бўлганлар жуда кўп бўлди.

Qalampir.uz сайти ушбу хабар юзасидан Мирзабек Ҳолмедов билан боғланди:

“Ҳаётимда бир неча бор мени турли сабаблар билан “ўлди”га чиқаришган. Инсон аввало, қилаётган ҳар бир ишини ўйлаб қилиши, гапини эса ўйлаб гапириши лозим. Бошқалар ҳақида шундай хунук ёлғонларни тўқиб чиқариб, тарқатадиган инсонларнинг Яратган олдидаги иши осон эмас.

Бизга ўша ёлғон хабар ҳақида маълумот беришганида, Самарқандга кетаётган эдик. Йўлда қор ёғиб юбориб, машиналар бир муддат юрмай қолди. Ўша гапларни эшитиб, кўнглим бузилди.

Дўстларим, шогирдларим орасида мен ўлимим ҳақида ёлғон хабар тарқатганларга муносиб жавоб бериш таклифини билдирганлар бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов ҳам менга қўнғироқ қилиб, жуда қўрққанини айтди. “Собит акам ўтиб кетгандилар, энди Мирзабек акам ҳам вафот этибдиларми, деб қўрқиб кетдим, ўша номаълум кимсаларни топинг”, деб айтди.

Тоживой Шукуров, Тўхтамурод Азизов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Мурод Раимов, Абдураим Абдуваҳобов каби яна қатор эл назаридаги инсонлар қўнғироқ қилиб, тинчмисиз-омонмисиз, дея мендан ҳол-аҳвол сўрашди.

Шу гаплар тарқалганидан кейин мен бир нарсага амин бўлдим. Одамлар менга нисбатан бефарқ эмас экан. Мени кўпчилик хурмат қилишини, яхши кўришини, мен учун чин дилдан жон куйдиришининг билдим.

Кеча, 28 ноябрь куни тўйда хизматда эдик. Тўйхонада ёши улуғ онахон олдимга келиб, қучоқлаб йиғладилар. Шу онахон менинг 30 йиллик мухлисим эканини, менинг вафотим ҳақида ёлғон хабарни эшитиб, жуда қаттиқ хафа бўлганларини айтдилар.

Одамлар орасида кўнглингизга қарамайдиган, ички кечинмаларингиз билан қизиқмайдиганлар бор. Улар бирор гап гапиришдан аввал, айтилажак гап ўша инсонга қандай таъсир қилишини ўйлаб ҳам кўришмаса керак. Аямасдан қариб қолибсиз, ўзингизни олдириб қўйибсиз, рангингиз кетибди, дейишади баъзан. Бировнинг дилини оғритиш яхши эмас.

Ёшимиз улғайди. Сал озорли сўз ҳам дилимни яралайди. Бу йил ёзда укам Шуҳрат вафот этиб, кўнглим ярим бўлиб қолди. У менга ҳамроҳ эди. Укамнинг дарди билан ёнаётган маҳалим Юрт отаси вафот этдилар. Бу йўқотишлар саломатлигимга, руҳиятимга таъсир қилди. Ахир мен ёш бола эмасман-ку.

Ёнингизда сизга далда, маслаҳатгўй, сирдош бўлган инсоннинг кутилмаганда йўқ бўлиб қолиши, инсонга жуда қаттиқ таъсир этади.

Ўлим ҳақ,албатта. Ҳаммамиз ҳам бир кун келиб Яратганга омонатимизни топширамиз. Илоҳим умр берсин, чунки ҳали қиладиган ишларим кўп.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳаммага узоқ умр тилайман. Онам раҳматли, “Биз ўлганимиз билан қаро ер тўймайди”, дердилар. Шундай экан, узоқ йиллар яшайлик. Ёшимиз 80-90 дан ҳам ўтиб кетиб, фарзандларимиз, набира, абираларнинг тўйларини кўришлик насиб қилсин.

Мен ҳақимда ёлғон маълумот тарқатган кимсаларга айтадиган сўзим: ҳар нарсанинг жавоби бор.”

Бу ёлғон хабарга сўз устаси, Мирзабек Ҳолмедовнинг ҳамкасби Обид Асомов ҳам ўз фикрини билдирди.

“Менга бутун дунёдан қўнғироқ қилиб “Шу гап ростми?”, деб сўрашяпти. Бу бемаъни сайтлар шов-шув қилиб пул ишлаш мақсадида Мирзабек Ҳолмедов уёқда турсин, ўз ота-онасини ҳам ўлдига чиқаришдан тап тортмайди! Мирзабек акамга қўнғироқ қилдим. Бугун Самарқанд шаҳрида хизматда эканлар! “Узр, аммо ҳозир қаердан гапираяпсиз?”, деб сўрагандим, “Шу дунёдаман қўрқманг, машинада кетаяпман”, деб жавоб бердилар! Энди шу “хушхабар”ни тарқатаётган сайтга битта тилагим бор! Оғзингдан чиқиб, ёқангга ёпишсин!”

Маълумот учун, шоу-бизнес оламида ўлими ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилган машҳур инсонлар кам эмас. Бир неча ойлар аввал, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Клара Жалилова, Абдураим Абдуваҳобовнинг ҳам вафот этгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилганди.


Zamin.uz нинг Одноклассники’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.