Телетомошабинларнинг овози Сардор Миланони «Голос» лойиҳасининг ярим финалига олиб чиқди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Телетомошабинларнинг овози Сардор Миланони «Голос» лойиҳасининг ярим финалига олиб чиқди

Маданият 10-12-2016, 22:25 676
Телетомошабинларнинг овози Сардор Миланони «Голос» лойиҳасининг ярим финалига олиб чиқди

9 декабрь, жума куни Россиянинг Биринчи каналида «Голос» лойиҳаси 5-мавсумининг биринчи чорак финали ўтказилди. Лойиҳада иштирок этаётган ўзбекистонлик Сардор Милано ярим финалга чиқишга муваффақ бўлди.

Полина Гагарина жамоасидаги Сардорга чорак финалда Аделина Моисеева ва Татьяна Шаманина рақиблик қилди. Милано Има Сумакнинг Таки Рари қўшиғини ижро этди.

Шундан кейин Гагарина ва телетомашабинлар ярим финалга чиқадиган бир иштирокчини танлади. Мураббийнинг овози қуйидагича тақсимланди: Аделина Моисеевага 20, Сардор Миланога 30, Татьяна Шаманинага 50 фоиз. Махсус рақамга SMS жўнатиш ва қўнғироқ қилиш орқали овоз берган мухлисларнинг 62 фоизи Сардорга ўз овозини берди, мураббий ва телетомошабинлар овозининг жамланмасига кўра асли ўзбекистонлик хонанда ярим финалга йўл олди.

Натижалар эълон қилингандан сўнг Сардор Милано қувончдан кўз ёшларини тия олмади.

Эслатиб ўтамиз, Сардор биринчи босқичдан сўнг ўзига Дима Биланни устозликка танлаганди. Аммо «баттл»да Дима Билан ўз жамоасида уни қолдиришни истамади ва Миланони Полина Гагарина ўз жамоасига олди.

Сардор 2015 йилда Россиядаги бошқа бир лойиҳа — «Главная сцена»да қатнашиб, унда ғолибликни қўлга киритган.


Zamin.uz нинг Одноклассники’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.