15:49 / 03.05.2017
10 722

Феруза Саидова: “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” бўлиш хаёлимга ҳам келмаганди

Феруза Саидова: “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” бўлиш хаёлимга ҳам келмаганди
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Ак илбирс” мукофоти тақдирлаш маросимида “Хазонрезги” фильмдаги образи учун актриса Феруза Саидова “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” деб топилгани ҳақида хабар берган эдик.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Хазонрезги” фильми Қирғизистоннинг “Ак илбирс” миллий мукофотининг 3 та: “Марказий Осиёнинг энг яхши фильми”, “Марказий Осиёнинг энг яхши актёри", “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” номинацияларига қўйилганди. “Даракчи” газетаси журналисти Садоқат Аллаберганова фильм режиссёри Зулфиқор Мусоқов ва актриса Феруза Саидова билан боғланди.

14 апрель куни Бишкекда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида мазкур фильмдаги бош ролни ижро этган актриса Феруза Саидова “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” дея эътироф этилди.

— Феруза опа, аввало мукофот билан табриклаймиз! Учта номинация орасидан айнан қай бири ғолиб бўлади, деб ўйлагандингиз?

— “Ак илбирс” миллий мукофотига таклиф қилишганида, шунчаки меҳмон сифатида чақирилганмиз, деб ўйлагандим. Мен учун мукофотланишим кутилмаган ҳодиса бўлди. Чунки учта номинациядан “Марказий Осиёнинг энг яхши фильми” номинациясида ғолиблик насиб қилади, деган хаёлда эдим. Очиғи, ҳалигача англолмаяпман (кулади). Табриклар қуршовида қолдим, бунга ҳам аввалдан тайёр бўлиш керак экан.

— Режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг иштирок этолмаганидан афсуслангандирсиз-а?

— Албатта! Соғлиги сабаб боролмади. Тақдирлаш маросимидагилар буни тўғри тушунишди ва эзгу тилакларни етказиб қўйишимизни сўрашди.

— Зулфиқор ака, меҳнатингиз самараси билан муборакбод этамиз! Тақдирлаш маросимида нима сабаб қатнашолмадингиз?

— Раҳмат! Мукофот насиб қилганидан қувондим, албатта. Қатнашишни жуда истагандим, бироқ самолётда учишга қўрққаним боис боролмадим. Шунинг учун саккиз йилдан буён бирорта фестивалда иштирок этолмаяпман. “Ак илбирс” миллий мукофотининг тақдирлаш маросимига бош роль ижрочилари Феруза Саидова ва Баҳриддин Абдуллаев боришди.

Фильм ҳақида: Режиссёр Зулфиқор Мусоқов таъбири билан айтганда, “Хазонрезги” муҳаббат ҳақида. Биргина телефон қўнғироғи сокин яшаётган оила-аъзоларининг ҳаётини остин-устин қилиб юборади. Фильмда бош қаҳрамонларнинг ҳозирги ҳаёти ва ўтмиши қиёсий тарзда кўрсатилган. Кинокартина давомида уларнинг ички дунёсига алоҳида тўхталиб ўтилган. Асосий мазмун эса оила мустаҳкамлиги, ўзаро ишонч ҳамда кечиримли бўлиш кераклиги хусусида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Феруза Саидова: “Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси” бўлиш хаёлимга ҳам келмаганди