11:48 / 07.05.2017
9 831

Жавоҳир Зокиров: кастингдан ўтолмагани ва Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида (Эксклюзив)

Жавоҳир Зокиров: кастингдан ўтолмагани ва Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида (Эксклюзив)
Жавоҳир Зокировнинг кинодаги ролларини томоша қила туриб, у ҳақида бироз қўрс деган тасаввурга келиш мумкин. Тўғри, у шартаки, чўрткесар, аммо бунинг ортида тўғрисўзлик ва меҳр борлиги ҳам рост. Дилидаги тилида бўлган Жавоҳир Зокиров билан учрашар эканмиз, суҳбатимиз актёрнинг сўнгги ижодий ишлари борасида кечди...

— Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам ишингиз кўплигини биламиз, олдинда янги — “Тошкентим — онам” фильмининг премьераси. Ушбу фильм суратга олинаётгани ҳақида эшитдиг-у, лекин аниқ маълумотларни негадир сир тутдингиз...

— Чунки бир ишни охирига етказмасдан у ҳақида бонг уришни ёқтирмайман. Айни кунларда “Тошкентим — онам” фильмининг премьерасига тайёргарликни бошладик. Ана энди, гапирсам ярашади. Режиссёр сифатида учинчи фильмимни тақдим этиш арафасидаман. Бироқ “Тошкентим — онам” муаллифлигимдаги илк йирик кинолойиҳа. Бу картина меҳр-оқибат ва муҳаббат мавзусида. Бу гапимни ўқиганларнинг “Яна ўша мавзуми?” дея энсаси қотиши мумкин. Лекин дунёга машҳур режиссёрлар ҳам бу мавзуга турлича ёндашиб, томошабиннинг эътиборини қозониб келган. Мен ҳам бу мўъжизавий ҳис-туйғуларни ўзимдан келиб чиққан ҳолда экранга олиб чиқишни истадим. Сценарий муаллифи, турмуш ўртоғим — Шаҳризод Ғуломова. У билан биргаликда ҳаётимиз давомида кўрган воқеаларни бадиийлаштириб фильм қилдик. Уни муносиб баҳолашади, деб умид қиламан. Энди фильмнинг номланишига келсак. Турли феъл-атвордаги қаҳрамонларнинг тақдири айнан пойтахтимиз — Тошкент билан узвий боғлиқ. Энг қизиғи, томошабинлар биринчи марта экранда ҳаётдаги Жавоҳирни кўришади. Яъни, мен фақат режиссёрлик билан чекланмадим (кулади). Шунингдек, фильмда машҳур актёр Фарҳод Маҳмудов билан ҳам яқиндан “танишишлари” мумкин. Яъни, Фарҳод ҳам фильмда ўзини “ўйнади”.

— Адашмасак, “Меҳмонхона” сериали билан ҳам бандсиз...

— Муаллиф Нурилла Аббосхон сериалнинг иккинчи мавсумида айнан мени тасаввур этган ҳолда сценарий ёзган экан. Қаҳрамонимнинг характери жуда қизиқ. Аввал салбий образда бўлиб, кейин воқеалар ривожида яхши томонга ўзгариб боради. Сериал ва ундаги ролим ҳақида фақат шуни айтишим мумкин. Чунки айрим сабабларга кўра, ҳозирча, тасвирга олиш ишлари тўхтатилган. Аммо умид қиламанки, тез кунда яна давом эттирамиз.

— Бир неча ой олдин Россиянинг “Первый канал” буюртмасига биноан суратга олинган “Олтин Ўрда” сериалида ҳам суратга тушганингизни эшитдик...

— Ушбу сериал ҳақида шунчаки гапириб ўтиш нотўғри, назаримда. Режиссёр, актёрлар ва умуман ижодий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ҳақиқий профессионаллар эди. Улар қаторида мен ҳам бўлганимдан жуда хурсандман. Тарихий-фэнтези жанрида суратга олинган фильмни томоша қилиб, турли даврларда рўй берган воқеаларга гувоҳ бўлишингиз мумкин.

— Фильмда мунажжим ролидасиз. Фикрингизча, нега айнан сизни танлашди?

— Рости, ўзим ҳам билмайман. Лекин бунга осонликча эришганим йўқ. Киносиновга фақат учинчи гал борганимдагина режиссёр ва продюсер мени ролга тасдиқлашган. Шунча қийинчиликларга қарамай, бу лойиҳада иштирок этганимдан хурсандман.

— Чет элликлар билан ҳамкорлик қилганингизда, уларнинг ўзбек киноси ҳақидаги фикри билан ҳеч қизиққанмисиз?

— Хорижлик режиссёр ва продюсерларнинг актёрларимизга бўлган қизиқиши жуда кучли. Афсуски, улар бизнинг аксарият картиналаримизга юқори баҳо беришмайди. Лекин менимча, ривожланиш бор. Вақти-соати етиб, ўзбек киноси ҳам дунё миқёсига чиқишига ишонаман.

— Аксарият актёрларнинг орзуси — тарихий образларни гавдалантириш. Сиз “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” фильмида Абдуллатиф ролини ижро этдингиз...

— Ҳозир саволингизни эшита туриб этим жимирлаб кетаётганини сездим. Чунки бу фильм ва роль мен учун жуда қадрли. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва Голливуд актёрлари билан биргаликда мароқ билан ишладик. Фильм ҳақида ҳамма гапириб, кетма-кет хабарлар чиқди-ю, лекин негадир яна жим бўлиб қолишди. Премьерани мен каби иштиёқ билан кутаётган инсон бўлмаса керак. Чунки қаҳрамонимни гавдалантиришда жонимни бериб ишладим, юрагимдан ўтказган ҳиссиётларимни ҳозир тушунтириб беролмайман. Фильмни томоша қилгач, мени яхшироқ тушунсангиз керак. Шунинг учун келинг, бу кино ҳақида премьерадан сўнг гаплашамиз...

— Ижодий фаолиятингизни хонандаликдан бошлаб, бугун бу йўналишда камнамосиз...

— Фаол хонанда бўлиш учун молиявий томондан жуда бақувват инсон бўлишингиз керак. Mенинг ижодга бўлган қарашим ҳозирги баъзи хонандаларникидан фарқ қилади. Бугун тингловчиларга ёқса-ёқмаса, “Рейтингни ушлаб туриш керак. Тўйларим камайиб кетмасин”, деб куйлашяпти. Мен бундай қилолмайман. Қўшиқ юракдан чиқиши шарт.

— Илк қўшиқларингизни “Болалар” гуруҳида куйлагансиз. Ҳеч кимга сир эмас, гуруҳ асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шарипов. Бугун Руслан ака билан муносабатларингиз қандай?

— Ростини айтишим керак, Руслан билан кўришмаганимизга анча бўлди. Ўтган йили интернетда унинг суратларини кўриб, кўнглим оғриди. Кучли иқтидор эгаси шундай аянчли аҳволга тушиб қолганидан жуда хафа бўлдим. Биласизми, машҳурликни кўтариб юриш осон иш эмас. Ҳамманинг тилига тушган пайтда тарқалган гап-сўзларни енгиб ўтиш учун иродаси бўшлик қилди, деб ўйлайман. Лекин бу вазиятда унинг оиласи ва энг асосийси турмуш ўртоғи дастак бўлиши шарт. Айнан улар, бегоналар тош отганда ёки миш-миш тарқатганда, Русланнинг ёнида туриб, унга далда бўлганда, қўллаб-қувватлашганда ҳозирги ҳолат юзага келмасмиди, балки... Ахир ҳар бир буюк эркак ортида, буюк аёл туради, деган гап бекорга айтилмаган-ку?!

— Нега бугун узоқлашиб кетдингиз?

— Сабаби оддий. Ҳамма ўз ташвишидан ортмай қолди. Ҳатто баъзида яқинларим билан ҳам кўришишга имкон бўлмайди. Шунинг учун мендан хафа бўлиш ўринсиз, деб ўйлайман.

— Ўзбек хонандаларининг ижодини кузатиб турасизми?

— Улуғбек ва Жаҳонгир Отажоновларнинг қўшиқлари ёқади. Жаҳонгир концертига таклиф этган эди, ишлар билан бўлиб, боролмадим. Унинг жонли ижрода куйлашини ҳурмат қиламан.

— Яна кимларнинг концертида меҳмон бўлгансиз?

— 2001 йил “Истиқлол” санъат саройи­да яккахон концерт дастуримни тақдим этганман. Фонограммада куйлагандим, ўшанда. Концерт якунига етгунча, ўзим ҳам тамом бўлай дегандим. Саҳнага чиқиб ёлғондан, ўзимни худди қўшиқ куйлаётгандек тутганимни ҳазм қилолмай, виждоним қийналган. Чунки аслида, фонограммани жиним суймайди. Шу сабаб ҳам бугунги концертларга бормайман. Майли, мини-дискни қўйиб, куйлашсин, кимдир буни ўзига эп кўрар, лекин шунга яраша чипталар нархини 5-6 баробарга арзонлаштиришсин. Ахир, фоно­грамма томошаси учун юз минг сўмлаб пул тўлаш нотўғри-ку? Бундай хонандаларга фақат инсоф сўрайман...

— Қариндошингиз Наргиз Зокирова бугун Россия эстрадасининг кўзга кўринган ижодкорларидан. Лекин интервью беришни ёқтирмайди...

— Наргиз бугун фақат мен билан гаплашиб турибди. Иши кўп, гастроль сафарлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ўзбекистонга нега келмаётгани сабаби ҳақида эса ўзи гапиргани маъқул, бу ҳақда мен гапиришим ноўрин. Бироқ шу кунларда уни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида ўйлаб юрибман. Унинг концерт дастуридан юртдошларимиз ҳам баҳраманд бўлишларини истайман. Уринишларим бесамар кетмаса, албатта, у билан кўришасиз...

— Жавоҳир ака, жаҳлингиз тез эканини биламиз. Бундай пайтларда сизни ким ҳовурингиздан тушира олади?

— Фақат турмуш ўртоғим ва фарзандларим.

— Фарзандларингиз ҳам улғайиб қолишди, уларнинг қизиқишлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Кенжатойимиз Саид Карим ҳақиқий санъаткор. Рафиқам иккимиз унинг ҳаракатларини кўриб, ҳозирдан келажакда қайси касбни эгаллашини билиб турамиз. Аслида мен унинг опера хонандаси бўлишини истайман. Унинг йўғон овозини эшитсангиз, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Яқинда қизимга кинода роль ижро этасанми, десам, рад этди. Негадир, болаларим тенгқурлари сингари экранга чиқишга қизиқишмайди, бошқаларнинг кўзидан йироқ бўлишни исташади.

— Ўғлингизнинг қайси жиҳатлари сизни ҳайрон қолдиради?

— У жуда эрка. Ўзини эркин тутишга ўрганган. Атрофимиздагиларнинг айтишича, уни жуда талтайтириб юборганмиз. Балки шундайдир, билмадим... Ҳали кичкина деб унча қаттиққўллик қилмасдим. Бироқ энди секин-секин чегаралар қўйиляпти. Чунки келажакда айнан шу эркалиги учун ҳаётда қийналиб қолишини истамайман.

— 45 ёшдасиз. Бугун ҳаётий қарашларингиз ўзгардими?

— Кўп нарсалар ўзгарганини сезяпман. Масалан, бу дунёда оила ва фарзандлардан муҳим ҳеч нарса йўқлигини тушуниб етдим. Иш, санъат, бойлик, машҳур инсон бўлиш ҳаммаси аҳамиятсиз, аслида. Инсон фақат яқинларининг ёнида, уларнинг қалбида бўлиши керак. Қолганлари иккинчи даражали. Биласизми, болалигимда ота-онам кўп ишлашарди. Шунинг учун кўп вақтим бувимнинг уйи­да ёки улар билан биргаликда гастроль сафарлари, тасвирга олиш майдончаларида ўтган. Бугун мен бундай қилмаяпман. Бўш вақт топдим дегунча оиламга, болаларимга эътибор бериб, биргаликда вақт ўтказамиз ва доим шундай бўлади. Ҳаётим давомида қўлимдан келганча уларга ёрдам беришни ният қиламан.

— Суҳбат сўнггида ижодий режаларингиз билан бўлишсангиз.

— “Тошкентим — онам” премьерасидан сўнг яна янги фильм устида иш бошлайман. Ниятим, уни бутун МДҲ давлатларида намойиш этиш...

— Ишларингизда омад!

— Раҳмат!

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ.


Манба: Darakchi.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жавоҳир Зокиров: кастингдан ўтолмагани ва Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида (Эксклюзив)