15:49 / 08.05.2017
9 866

Мустамлака ёхуд истило-1. Кулгили иддаолар

Мустамлака ёхуд истило-1. Кулгили иддаолар
Биз Туркистонга маданият олиб келдик, деб ўйлаймиз. Бўйсундирилган осиёликларга тинчлик ва осойишталик бердик, деб ўзимизни овутамиз. Аммо буларда (туркистонликларда) ҳам бир олий туйғу борки, бу миллат ва унинг миллий ифтихоридир. Мусулмонлар аҳволини тушунишимиз керак. Сиёсий ўлим (миллий давлатчиликнинг йўқотилиши) оғир, миллий ўлим эса ундан ҳам оғирроқдир. Бизнинг ҳукмронлигимизда улар худди шундай аҳволга тушдилар. Бас, шундай экан, ҳукмронлигимизга қарши ғалаёнлар рўй берса, ажабланишга ўрин йўқ. Шундай миллий манфаатлар борки, улар халқ оч ёки тўқлигидан қатъи назар, бир кунмас бир кун ўзини намоён этажак.
Н. Н. Веселовский, тарихчи.

Чор Россияси ҳукумати, кейинчалик большевиклар томонидан ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳудудларининг босиб олинишига баҳона қилиб кўрсатилган мотивлар романтик жанрлар ҳавас қилса арзигулик бир тарзда эди. Таъкидланишича, гўёки осиёликлар маданиятсиз, саводсиз бўлган, шу боис Россия империясининг бу ҳудудда бўлиши «маданият улашиш» билан тушунтириларди.
Ўрта асрлар сўнгида Россия империясининг юришларига қадар Туркистон дарҳақиқат мисли кўрилмаган инқирозни бошдан кечираётган эди. Ўрта асрлар схоластикаси даражасидаги диний мутаассиблик, консерватизм, қотиб қолган маданият, янги илмий-техник кашфиётлардан, тараққиётдан ортда қолиш – буларнинг барини Туркистоннинг ўрта асрлардаги улуғворлиги билан тенглаштириб бўлмайди. Бошқа томондан, бу Россия империясининг тажовузкорлигини ҳам оқламайди. Чунки шу даврларда Россия империясининг ўзида ҳам ерсиз ва саводсиз деҳқонлар билан боғлиқ жиддий муаммолар бор эди. Лекин айнан шундай пайтда Туркистоннинг мустақил давлатлари ҳудудига бостириб кириб, ўзининг қуролли ҳамласини «цивилизаторлик» билан хаспўшлашга уринди .

Босқинчилар билан бирга келган Василий Васильевич Верещагин Чор Россияси Туркистонни босиб олишини тасвирлаган расм

Большевиклар босқини ҳам «Шарқни саводсизлик ва синфий душманлардан озод қиламиз» шиори остида кечди. Моҳиятан, мустамлакачилик ва советлаштириш бир хил шиорларга ошно бўлди, яъни босқинчиликнинг бутун мазмуни маҳаллий аҳолининг қолоқлиги ва саводсизлиги, мустамлакачилар ва большевиклар эса «цивилизаторлик» миссиясини ташувчилар эканлиги асосига қурилди.

XIX аср охири-XX аср бошларида Россия империясининг қишлоқлари аҳолиси орасида саводхонлик ва зиё қай аҳволда эканлиги борасида жуда муфассал маълумотлар мавжуд. Рус интеллигенцияси Россия империясининг ички ҳудудларининг бу жиҳатларини ўзларининг буюк асарларида тавсифлаган. Крепостнойлик ҳуқуқи ҳақида ҳам жуда кўп ахборот мавжуд. Хуллас, бир ҳикматда айтилганидек, «иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулган экан». Қандай илоҳий амрга биноан мустамлакачилар ва большевиклар бутун бошли халқларни қатлиом қилган, очликдан силласини қуритган, христиан хайрихоҳлар, «ўлдирма ва сев...» принципи тарафдорлари қаерга қараган? Большевикларнинг «барча халқлар тенгдир» шиорлари тарғиботчилар қаерга қараган? Улар ҳақиқатан цивилизаторлик миссиясига эга бўлган дейлик, лекин бу ҳолда зиёкор жадидлар, ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирларнинг отиб ташланишини қандай тушунтирамиз? Ахир улар ўқимишли инсонлар эди. Бемаънилик, лекин факт.

1909 йил. Китоб бозори.

Мустамлакачилар ва большевиклар илгари сурган мотивлар ростанам ҳақиқатга мос эдими? Дарвоқе, бостириб келган чор ва совет қўшинларидаги аскарлар сингари босиб олинган маҳаллий «бегона»ларнинг кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмас эди. Унда маҳаллий одамлар, болалар, аёллар ва кексалар саводсиз бўлганлари учун йўқ қилинган экан-да, бу тарихий воқеани нима билан тушунтирамиз? Бир қарашда осон туюладиган бундай саволларга жавоблар ёзиш аслида кўп жилдли китоб саҳифаларини эгаллаши мумкин. Ёки чоризм ва большевизм замонларидаги ёлғон ғоялар ва тарғибот шиорларининг асл мақсадларини фош этиш билан шуғулланадиган бутун бошли тарихчилар ва ҳуқуқшунослар мактабини яратиш мумкин.

Совет тизимининг ўрнатилганидан бошлаб большевикларнинг асосий иши қотилликлар, талончилик, ноқонуний судлар, Сибирга сургунлар бўлди, бу гувоҳларнинг эсдаликлари ва архив материаллари билан тасдиқланади. Кейинчалик, маҳаллий халқлар талон-тарож қилинганидан, жадидларнинг ғоялари ўзлаштирилган ёки большевиклар айтганидай, «экспроприация» қилинганидан сўнгина большевиклар ликбезлар — саводсизликни йўқ қилиш тадбирларини ўтказа бошлади. Маҳаллий халқнинг фақат бойликлари эмас, ғоялари ҳам талон-тарож қилинди. Луначарскийнинг саводсизликни йўқ қилиш дастури 20-йиллар охири ва 30-йиллар бошидан ҳаётга татбиқ этила бошланди, бунга қадар эса Туркистон халқларининг ўз зиёкорлари бўлиб, улар болалар учун кўплаб мактаблар очган эди. Мустамлакачилар кўмагида очилган рус-тузем мактаблари деҳқонларнинг болаларига эмас, аслзодаларнинг урвоқларига, чор ҳукумати тарафдорларига хизмат қилар эди. Бу айнан россиялик ва европалик олимлар томонидан исботланган фактдир .

Биринчи Жаҳон уруши окопларидан тўпланган қаланғи-қасанғилар, тақдири майиб-мажруҳ этилган, қалбида ғазаб шингиллари ўрнашган одамлар маҳаллий «инородец»ларга зиё улашолмас эди. Биринчи тўлқин большевиклари жиноятчи ва террорчилар эди, 30-йилларга қадар улар зиё тарқатиш ҳақида ўйламаган ҳам эди, бу факт. Қуролли жиноятчилар ва урушдан руҳияти бузилиб қайтган одамларни қўлида қурол билан Туркистон «инородец»ларини камситиш йўли билан, болалар, аёллар ва кексаларни ўлдириш йўли билан «маданийлаштириш», шу йўл билан «маданият ва маърифат» ўрнатиш «цивилизаторлик»ка мутлақо ўхшамайди. Ахир ўлдириш, осиш, кесиш, отиш маданиятми? Ҳатто энг ўқимишли «маданиятшунос» ҳам бундай маданиятни тушунмаса керак.

Асирга олинган "босмачилар" устидан бўлаётган суд. 1 август 1925 йил

Мустамлакачиликнинг кўпчилик «адвокатлари», Осиё халқларининг бўйсундирилишига хайрихоҳ инсонлар ёзган эдики, «ўша давр ижтимоий муҳитида Туркистоннинг забт этилиши маҳаллий халқларнинг аслзодалар жабру зулмидан озод қилишнинг ягона мавжуд йўли эди». Бошқалари уларга жўр бўлишарди: «Россия таркибига қўшилиш Туркистон манфаатларига хизмат қилди», деб ёзарди, қолганлари эса «Туркистоннинг қудратли ва иқтисодий кучга эга Россияга қўшилиши ўлканинг социал-иқтисодий тараққиётини тезлаштирди» деб келди. Ўша давр Россия интеллигенциясида Туркистоннинг истило этилишига оид ҳар қандай мавзуга бериладиган баҳо империянинг Осиё халқлари маданияти ва ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиш билан тугар эди, яъни мустамлакачиликнинг асосий мотиви «цивилизаторлик миссияси» ҳисобланар эди. Масаланинг қизиқ томони шундаки, бугун ҳам, ўша узоқ йиллардаги сингари, мустамлакачилик тизимининг апологетлари мавжуд.

Истило чоғида маҳаллий аҳолига нисбатан уюштирилган зулмларни оқлаш мақсадида империалист ва шовинистлар ёлғон гапириб, асоссиз равишда «Туркистон мустамлакага айлантирилганидан сўнг ўлкада тараққиёт кучайди, Россия империясининг Туркистонни эгаллашдан кўзлаган мақсади ўлкани эволюциянинг янги босқичига суқиш бўлди» сингари қарашларни илгари сурган. Ҳарбий тарихчи Д.Я. Фёдоров Россия империяси томонидан Туркистоннинг забт этилиши ҳақида шундай деган эди: «Рус ҳукмронлиги Ўрта Осиёда улкан жозибадорлик касб этди, негаки унга маҳаллий халқларга нисбатан инсоний, меҳрибон муносабат хос бўлди, халқ оммасининг қалбидан ўрин эгаллаб, улар учун матлуб бир ҳукмронлик бўлди». Туркистон юришлари иштирокчиси, тарихчи, генерал-майор Л.Ф. Костенко ҳам Россия империясининг ролини қуйидагича баҳолаган эди: «Шуҳратпарастлик ёки бошқа ғаразли ҳисоб-китоблар Россиянинг Ўрта Осиё томон силжишига асос бўлмади, фақатгина ушбу ўлкага тинчлик олиб кириш, унинг бунёдкор кучларига туртки бериш ҳамда Туркистон маҳсулотларини Россиянинг Европа қисмига етказишнинг энг қисқа йўлларини топиш бош мақсад бўлди» .

Яна бир ёлғон шундан иборат эдики, Туркистоннинг истило этилишига қадар гўёки маҳаллий халқларда миллий ўзлик бўлмаган эмиш. Бу, юмшоқ қилиб айтганда, бўҳтон, кўп асрлик ёзма тарих ва маданиятга эга халқни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас. Ахир сир эмаски, Туркистон Россия империяси бу ерларга келишидан анча олдин кўп асрлик буюк маданияти ва санъати, илм-фани ва адабиёти, меъморчилиги, етук олимлари, шоирлари, давлат арбоблари ва мафтункор шаҳарлари билан машҳур эди. Туркистон ал-Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, ал-Форобий, ал-Фарғоний, Улуғбек, Навоий сингари етук маданият ва фан намояндаларини жаҳонга тақдим қилди.

Ўзбекистон мустақиллиги тиклангунига қадар кенг оммалар Марказий Осиёнинг буюк олимлари ва мутафаккирлари жаҳон тамаддуни хазинадонига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшгани маълум эмас эди. Улар умуминсоний қадриятларнинг яратилишида қатнашгани, уларнинг илмий кашфиётлари бугунги кунга қадар барча мамлакат ва қитъалар олимлари томонидан қўлланаётгани ошкор айтилмас эди. Бу фактлар бутун маданиятли жаҳон аҳлига яхши маълум, аммо Туркистон халқларининг ўзлиги юзага чиқиб, кучайишига хизмат қиладиган фикр ва билимлари Совет режими йилларида етти парда ортидаги сир ўлароқ сақланар эди. Бунинг ўрнига «Россия империяси Туркистонни қулдорлик тузумидан қутқаргани» ҳақидаги «оламшумул илмий кашфиёт» тезислари тарих фанини ўқитиш бўйича совет мактаб дастурига киритилди. Босиб олинган халқларнинг тарихи ҳақидаги ушбу тушунча ҳар қандай мустабид сиёсат ҳимоячиларига хос аргументлардир. Аслида эса мустамлакачилар ва уларнинг тарафдорлари қулликдан озод қилиш ўрнига маҳаллий аҳолининг қуллигини расман ҳужжатлаштирди, бу билан уларнинг миллий ғурурини поймол қилди.

Шуҳрат Барлос,
тарихчи-публицист

Манба: Hilol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Мустамлака ёхуд истило-1. Кулгили иддаолар