17:14 / 10.08.2017
8 139

Гўзаллик танловида қирғизистонлик моделнинг Арманистон номидан чиқиши жанжалга сабаб бўлди

Гўзаллик танловида қирғизистонлик моделнинг Арманистон номидан чиқиши жанжалга сабаб бўлди
“Қирғизистон гўзали-2017” танловининг иштирокчиси Сусанна Егорян Ливанда бўлиб ўтган “World Next Top Model 2017” гўзаллик танловининг финалида “Арманистон” деб ёзилган тасмани тақиб чиқди, деб хабар берди Даракчи нашри.

Танловда 17 ёшли Сусанна Қирғизистон республикаси номидан иштирок этаётган эди. Аммо танлов якунига келиб, у фамилиясига мос келувчи давлат номидан иштирок этди. Натижада Сусанна Арманистон вакили сифатида иккинчи ўринни эгаллади. “Қирғизистон гўзали” танлови ташкилотчиси Таттибубу Самиддин қизи Сусанна Қирғизистон вакили сифатида иштирок этиши лозим бўлганлигини маълум қилди.

“Бу янгиликдан бугун хабар топиб, бошқалар каби даҳшатга тушдим. Мазкур танловга Сусаннани мен юборган эдим. У гўзаллик танловида Қирғизистон вакили сифатида иштирок этиши лозим эди. Аммо Сусанна менинг ва бутун Қирғизистон халқининг юзини ерга қаратди”, деди Таттибубу.

Қизғин муҳокамага қарамай, Сусанна Егорян мазкур воқеага узоқ вақт изоҳ бермади. Унинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жуда кўп негатив характердаги изоҳлар жойлаштирилди. Орадан бироз вақт ўтгач, Сусанна уларга жавобан қуйидаги постни жойлаштирди.

“Биринчидан, гапни гўзаллик танловига давлат ҳисобидан эмас, балки опамнинг ҳисобидан борганлигимдан бошласак, тўғри бўлади, деб ўйлайман. Опам танлов ташкилотчилари билан боғланиб, менга ҳомийлик қилди. Иккинчидан, танлов шартига кўра, биринчи чиқишимизда ўзимиз яшаётган давлат номидан, иккинчисида эса миллатимиз тегишли бўлган мамлакат номидан чиқишимиз учун иштирокчиларга икки мамлакатнинг номи ёзилган тасмалар берилди. Менинг ғалабам миллатим ва ўзим яшаётган давлатга тегишлидир.

Шунга шунча жанжал кўтариш шартми? Мен ўзим яшаётган мамлакатга хиёнат қилганим йўқ! Танловга ўз ҳисобимдан келганим учун фақат миллатим номидан ҳам иштирок этишим мумкин эди. Аксарият ҳамюртларим қирғиз миллатига мансуб бўлмаганим учун Қирғизистон номидан танловда иштирок этишга лойиқ кўришмаган эди. Шунга қарамай, мен танловда Қирғизистон республикаси номидан қатнашдим!”, -деб ёзди ёш модель.

17 ёшли Сусанна 2017 йилда 11-синфни тамомлаган. “Қирғизистон гўзали” гўзаллик танловида “Подиум гўзали” унвонига сазовор бўлган.

“World Next Top Model 2017” гўзаллик танлови 14 июлдан 6 августга қадар Ливанда бўлиб ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Гўзаллик танловида қирғизистонлик моделнинг Арманистон номидан чиқиши жанжалга сабаб бўлди